Бир гуруҳ қуролланган шахслар Ливия Ҳисоб палатасининг Триполидаги бош қароргоҳига бостириб киришди ва муассаса раҳбарининг янги ўринбосари тайинланишига куч билан эришишга уринишди. «Al Hadath» телеканали хабар беришича, ниқоб таққан қуролланган шахслар Анвар ал-Хаушнинг Ҳисоб палатаси раҳбари ўринбосари лавозимига киришишини таъминлаш мақсадида бинога бостириб киришган.
Тегишли қарор Ливия Олий давлат кенгаши раиси Муҳаммад Такала томонидан қабул қилинган эди. Бироқ бу тайинлов ҳам кенгашнинг ўз ичида, ҳам мамлакат шарқида фаолият юритувчи бир палатали парламент — Вакиллар палатаси томонидан эътирозларга сабаб бўлди. Телеканал маълумотларига кўра, қуролланган шахслар Ливия Миллий бирлик ҳукуматига бўйсунувчи 444-бригадага тегишлидир.
БМТнинг Ливияни қўллаб-қувватлаш бўйича миссияси баҳсли кадрлар қарорини мажбуран ўтказиш мақсадида куч ишлатилиши ва қўрқитиш ҳаракатларини қоралади. Миссия Ҳисоб палатаси фаолиятига қуролли аралашувни зудлик билан тўхтатишни ва қуролланган шахсларни бинодан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. БМТ бу каби ҳаракатлар қонун устуворлиги ва давлат институтларининг мустақиллигига таҳдид солаётганини таъкидлади ҳамда тайинловлар билан боғлиқ низоларни фақат қонунчиликда назарда тутилган механизмлар орқали ҳал қилишга чақирди.
Юз берган воқеалар фонида Ҳисоб палатаси ходимлари ўз хавфсизлиги ва муассаса мустақиллиги таъминлангунга ҳамда унинг фаолиятига аралашувлар тўхтатилгунга қадар иш фаолиятини вақтинча тўхтатишларини эълон қилишди. Ливия Ҳисоб палатаси давлат харажатлари ва бюджет маблағларидан фойдаланилишини назорат қилувчи мамлакатдаги асосий назорат органларидан бири ҳисобланади.