“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасидан ОАВ вакиллари учун “2025 йилнинг ўтган 6 ойида қурилиш материаллари саноатида амалга оширилган ишлар таҳлили” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда “Ўзсаноатқурилишматераллари” уюшмаси раҳбарияти, мутахассислар, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Дастлаб, дастурга кўра уюшма бошқарув раиси ўринбосари Илёс Рахимов соҳада амалга оширилган ишлар, келгусидаги режалар ҳақида тўлиқ маълумот берди. Шу билан бирга бошқарма бошлиқлари ҳисоботи тингланди.
Таъкидланишича, Жорий йилнинг январ-июнда 26 трлн. сўмлик қурилиш материаллари ишлаб чиқарилди ва 2024 йил мос даврига нисбатан ўсиш 114 фоизни ташкил этди.
Соҳада жорий йилда қиймати 2,4 млрд. долларлик инвестиция лойиҳаси амалга оширилади ва натижада 16,2 минг нафар янги иш ўрни яратилади.
Қурилиш материаллари саноати атроф муҳитга таъсир хавфи бўйича юқори ва ўрта даражадаги хавфли тоифага мансуб йирик корхоналари томонидан 2025-йил баҳор-куз мавсумида “Яшил белбоғ”ларни ташкил қилиш “Йўл харитаси” тасдиқланди.
“Яшил белбоғ”лар барпо этишда атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг юқори ва ўрта даражадаги хавфли саноат корхоналари томонидан 2025-йил 1 июнь ҳолатига 989.2 гектар ер майдонига 1,16 млн. туп манзарали, мевали ва бута кўчатлари экилди, шундан, 1-тоифага мансуб корхоналари томонидан 273.7 гектар ер майдонида 319,2 минг туп ва 2-3 тоифага мансуб корхоналар томонидан 97.5 гектар ер майдонида 258,9 минг туп манзарали, мевали ва бута кўчатлари экилди.
“Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси таркибидаги корхоналар томонидан баҳорги мавсумда 88.2 гектар ер майдонида 145,7 минг туп кўчат экилди.
Янги амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари доирасида жами 1 млрд 185 млн. доллар инвестиция ўзлаштирилди, шу жумладан 281 млн. долларлик 101 та лойиҳа ишга туширилди. Натижада 2 977 та янги иш ўринлари яратилди.
Давлат инвестиция дастурига асосан Уюшмага бириктирилган лойиҳалар доирасида 150,2 млн. долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар ўзлаштирилди.
Ҳисобот даврида соҳада 26 трлн. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. Бунда, 4 та янги турдаги, юқори қўшилган қийматли, импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ўзлаштирилди ва маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми 2,3 трлн. сўмни ташкил қилди. Жорий ярим йилликда 10,1 млн. тонна цемент, 21 млн.кв.м қурилиш ойнаси, 33 млн кв.м керамик плитка ва керамогранит, 50 млн кв.м гипсокартон плиталари ишлаб чиқарилган
Шунингдек, 428,4 млн. долларлик маҳсулотлар экспорт қилинди.
Жумладан, январь-июнь ойларида Россияга 107 млн. доллар, Қозоғистонга 94,7 млн. доллар, Қирғизистонга 64,4 млн. доллар, Тожикистонга 53,7 млн. доллар, Озарбайжонга 9,7 млн. доллар, Туркманистонга эса 9,3 млн. долларлик экспорт амалга оширилди.
Соҳада экспорт ҳажмларини ошириш мақсадида Озарбайжоннинг Боку, жорий йил январ-июнь ойларида Тожикистоннинг Душанбе, Покистоннинг Лахор, Афғонистоннинг Қобул ва Мозори шариф, Қирғиз Республикасининг Жалолобод, Мўғулистоннинг Улан-Батор, Қозоғистоннинг Актау шаҳарларида Ўзбекистон савдо уйи, шоурум, савдо омборлари ташкил этилди. Юқоридаги савдо шахобчаларига амлакатимизда ишлаб чиқарилган 50 турдан ортиқ юқори қўшилган қийматли қурилиш материаллари жойлаштирилди.
Шунингдек, маҳаллий корхоналарни қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида “Innoprom Central Asia-2025” (28 - 30 апрель Тошкент), “Россия-Ислом дунёси Казан Форум 2025” (13 – 18 май Казан), “Made in Uzbekistan” маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси (5 – 7 июнь Тбилиси), “Туркий давлатлар халқаро кўргазмаси” (10 – 12 июнь Боку), “Made in Uzbekistan” маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси (20 - 24 июнь Улан-Батор) каби бизнес форум ва кўргазмаларда иштироки таъминланди.
Соҳада ички ва ташқи бозор маркетинг тадқиқотларини амалга ошириш мақсадида “Ernst&Young” хорижий компанияси жалб қилинди.
Хорижий компаниянинг соҳага оид халқаро экспертиза ва амалий тажрибасидан фойдаланган ҳолда Шимолий Америка, Россия ва Кавказ, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Марказий Осиё ва Европа қурилиш материаллари бозорини таҳлил қилиш, янги экспортбоп бозорларни диверсификация қилиш масалаларида истиқболли йўналишлар аниқланиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йил 23 сентябрь куни ўтказилган “Қурилиш материаллари саноатини ривожлантириш” бўйича ўтказилган йиғилишнинг 42-сонли баёнида Энергетика вазирлиги ҳамда “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда қурилиш материаллари саноатида энергия сарфи юқори бўлган корхоналарни “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБ маблағлари ҳисобидан энергия аудитидан ўтказиб, энергия тежамкорликни ошириш бўйича топшириқ берилган.
Топшириқ ижроси бўйича энергия аудитор ташкилотлари томонидан энергия самарадорликни оширишга қаратилган чора-тадбирлар 2025-2026 йилларда амалга оширилиб, натижада 303,6 млн кВт соат электр энергияси ва 7,3 млн куб метр табиий газ иқтисод қилиш белгилаб олинган.
Шу жумладан, 2025 йилда 43,5 млн. кВт соат электр энергияси ва 6,7 млн куб метр табиий газ иқтисод қилиш режалаштирилган.
Амалда ўтган январь-июнь ойларида 72,9 млн кВт соат электр энергияси (70 млрд сўм) ва 17,1 млн куб метр табиий газ (31 млрд сўм) иқтисод қилинишига эришилди ҳамда режа кўрсаткичлари мос равишда 168 ва 255 фоизга бажарилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган анжуман давомида журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислардан жавоб олишди.