Бугун 1 май, 2026 йил, жума

O'ZB

Қозоғистоннинг таниқли маданият арбоби Ахмет Жубанов таваллудининг юбилейи Олмаотада халқаро миқёсда нишонланди

Қозоғистоннинг таниқли маданият арбоби Ахмет Жубанов таваллудининг юбилейи Олмаотада халқаро миқёсда нишонланди

29 апрел куни Олмаота шаҳридаги “Ауэзов уйи” илмий-маданий марказида “Ахмет Жубанов ва замонавий мусиқа илми” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Тадбир атоқли бастакор, дирижёр, мусиқа санъати соҳасидаги биринчи академик, Қозоғистон ССР Фанлар академияси асосчиларидан бири бўлган Ахмет Жубанов таваллудининг 120 йиллигига бағишланди.

Мазкур тадбир М.О. Ауэзов номидаги Адабиёт ва санъат институти томонидан Турк маданияти ва мероси жамғармаси, Қозоғистон Республикаси Фан ва олий таълим вазирлиги, Маданият ва ахборот вазирлиги, Қозоғистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий фанлар академияси ҳамда Т. Жургенов номидаги Қозоғистон миллий санъат академияси кўмагида ташкил этилди.

Конференцияда илмий ва маданий доиралар вакиллари кенг иштирок этди. Расмий очилиш маросимида Қозоғистон давлат арбобларининг табрик мактублари ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Фан ва олий таълим вазири Саясат Нурбек ҳамда Миллий фанлар академияси президенти Ақилбек Куришбаев нутқ сўзлади.

Фахрий меҳмон сифатида Турк маданияти ва мероси жамғармаси президенти Актоты Раймқулова чиқиш қилиб, бастакор мероси нафақат қозоқ халқи, балки бутун туркий дунё учун умумий маънавий бойлик эканини таъкидлади. У таниқли қозоқ бастакори Ғазиза Жубанова шогирди бўлганини фахр билан тилга олиб, бу устоз-шогирд анъанаси унинг ижодий йўлида муҳим ўрин тутганини қайд этди. Шунингдек, Ахмет Жубанов профессионал қозоқ мусиқасининг асосларини яратган, туркий халқларнинг маданий узвийлигини чуқур англаган ва бу меросни келажак авлодларга етказган буюк шахс эканини алоҳида таъкидлади.

Очилиш маросимида, шунингдек, М.О. Ауэзов номидаги институт бош директори Кенжехан Матяжанов, Курманғази номидаги қозоқ халқ чолғу асбоблари оркестри директори Медет Қуанышев, Курманғази номидаги қозоқ миллий консерваторияси ректори Гауҳар Тасбергенова ҳамда Т. Жургенов номидаги санъат академияси ректори Арман Жудебаев ҳам табрик сўзлари билан чиқиш қилди.

Пленар сессия давомида Ахмет Жубановнинг илмий ва бастакорлик фаолиятига бағишланган маърузалар тингланди ҳамда унинг меросига оид янги нашрлар тақдим этилди.

Тадбир “Ўскен Ўнер” номли махсус концерт дастури билан давом этди. Унда “Абай” операсидан ариялар ва бастакорнинг бошқа классик асарлари ижро этилди.

Озарбайжон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Россиядан келган мутахассислар иштироки Жубанов меросининг замонавий санъатшуносликдаги аҳамиятини кенг географик доирада муҳокама қилиш имконини берди.

Киритилди: Бугун 19:37. Ўқилди: 168 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!