Ғазо секторидаги урушдан кейин Исроил армияси ҳарбий хизматчилари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин даражада ортди.
Исроилнинг Haaretz газетаси ёзишича, жорий йил бошидан буён камида 10 нафар ҳарбий хизматчи (шундай олти нафари апрель ойида) ўз жонига қасд қилган. Урушга захирадан жалб этилган уч нафар собиқ аскар ҳам апрель ойида ихтиёрий равишда ҳаёт билан видолашган. Апрель ойида яна икки нафар чегарага жалб этилган полиция ходими ўз жонига қасд этган.
2023 йил октябрь ойига қадар, яъни Ғазо уруши бошлангунча Исроил армияси ҳарбийлари орасида ҳар йили ўртача 12 та ўз жонига қасд қилиш ҳолати кузатилган. Бу кўрсаткич йил сайин ошмоқда: 2023 йилда – 17 та, 2024 – 21 та, 2025 йилда – 22 та.
Жорий ўсиш кўрсаткичи сўнгги 15 йилдаги энг юқори рақам экани айтилмоқда.
Суицидлар сони ошиб бораётгани Ғазо уруши оқибатлари, ҳарбий хизматчиларнинг руҳий юки ва мудофаа вазирлиги томонидан ҳарбийларга психологик кўмак қисқаргани билан изоҳланган.
Аввалроқ The Times of Israel газетаси ҳам Ғазо уруши бошланганидан кейин яҳудий давлати аскарлари орасида ўз жонига қасд қилиш “эпидемия”си кучайгани ҳақида хабар берганди.