Бугун 13 август, 2026 йил, пайшанба

O'ZB

Легионеримиз жамоаси билан Чемпионлар лигасида миллионлаб евро ишлаб олди

Легионеримиз жамоаси билан Чемпионлар лигасида миллионлаб евро ишлаб олди

Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод Умарали Раҳмоналиев ўйнаётган Озарбайжоннинг “Сабах” клуби футбол бўйича Европа Чемпионлар лигаси саралаш турнирининг уч босқичидан муваффақиятли ўтиб, плей-оффга етиб келди.

Бокуликлар учинчи саралаш босқичи жавоб учрашувида Даниянинг “Орхус” клуби устидан 4:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Рақиб майдонида ўтган биринчи учрашувда “Сабах” рақибга 1:2 ҳисобида ютқазган эди.

Энди экспертлар ҳисоб-китобига кўра, Озарбайжон клуби плей-офф босқичига чиққанидан кейин қанча маблағ ишлаб олгани маълум бўлди.

Azerisport.com нашри хабарига кўра, Боку клуби плей-офф босқичида Исроилнинг “Хапоэль Беэр-Шева” жамоасини мағлуб этиб, Чемпионлар лигасининг асосий босқичига чиқса, камида 18 620 000 евро ишлаб олади. Бундай маблағ асосий босқичнинг ҳар бир иштирокчисига кафолатланган тарзда берилади.

Исроил жамоасига мағлуб бўлган тақдирда эса, бокуликлар Европа Лигасининг асосий босқичида иштирок этади. Бунда тушум сезиларли даражада камаяди. УЕФА қарорига кўра, Еврлопа лигасининг асосий босқичида иштирок этган ҳар бир жамоа учун 4 310 000 евро ажратилади. Шунингдек, ЧЛ саралаш плей-офф босқичида мағлуб бўлган ҳар бир жамоага 4 290 000 евро миқдорида маблағ берилади.

Шундай қилиб, “Сабах” жамоаси ҳозирнинг ўзида камида 8 600 000 евро ишлаб олишни кафолатлаб бўлди.

Эслатиб ўтамиз, “Сабах” дастлабки уч босқичда Уэльснинг ТНС, Финляндиянинг КуПС ва Даниянинг “Орхус” жамоаларини мусобақадан чиқариб юборди. Жами олтита ўйиндан бештасида зафар қучди ва бир марта данияликларга ютқазди.

“Сабах” футболчилари биринчи учрашувни 19 август куни Исроилда ўтказади. Жавоб учрашуви 25 август куни Боку шаҳрида ташкил этилади.

Ўзбекистон миллий терма жамоасига номзод бўлган Умарали Раҳмоналиев жорий мавсум Европа Чемпионлар лигаси доирасида барча олтита учрашувда ҳам майдонга тушди ва жамоасининг асосий фигураларидан бири ҳисобланади.

Киритилди: Бугун 04:21. Ўқилди: 1929 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!