Бахтсиз ҳодиса туфайли онасидан маҳрум бўлган қиз хориждан Ўзбекистонга қайтарилди, дея хабар бермоқда болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова идораси.
Қайд этилишича, болалар омбудсманига Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида яшовчи аёл Э.А.нинг мурожаати келиб тушган.
Унда аёл қизи Д.Р.нинг 2010 йилда туғилган вояга етмаган қиз фарзанди борлиги, бир неча йил аввал қизи Қозоғистон фуқаросига турмушга чиққани, невараси Беруний туманида туғилиб, Ўзбекистон фуқароси бўлса-да, унга онаси Қозоғистонда ҳам туғилиш ҳақида гувоҳнома расмийлаштирганини билдирган.
Бахтсиз йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида қизи 2024 йил август ойида вафот этиб, ҳозирда вояга етмаган невараси Э.М. Қозоғистонда ота-она қарамоғисиз қолганини маълум қилган ва неварасини Ўзбекистонга қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
Болалар омбудсмани, Ички Ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги Бош консуллиги вакиллари ҳамкорлигида боланинг Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилиб, ҳужжатлар расмийлаштирилган.
12 май куни у холаси Ш. Р. ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинган ва бувиси Э.А. қарамоғига топширилган. Ҳозирда бувининг неварасига нисбатан васийлиги расмийлаштирилиш жараёнида, дейилади хабарда.