Қозоғистонда айрим беморлар учун тез ёрдам машиналари кечки ва тунги вақтда келмаслиги мумкин. Бу ҳақдаги буйруқ Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан «Очиқ ҳуқуқий ҳужжатлар» веб-сайтида эълон қилинган.
Буйруққа кўра, тез ёрдам машинаси иш кунлари соат 8:00 дан 18:00 гача, шанба куни эса тушгача 4 тоифадаги шошилинч чақирувлар, яъни беморнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган ҳолатлар учун етиб боради.
Ҳужжатда таъкидланганидек, кечаю кундуз ишлайдиган гуруҳларни сақлашдаги муаммолар маблағларнинг етишмаслиги билан боғлиқ.
Қайд қилинишича, тўртинчи тоифадаги қўнғироқларга мобил гуруҳлар хизмат кўрсатади. Мобил гуруҳларни поликлиникалар ташкил қилади, улар соат 8:00 дан 20:00 гача қўнғироқларга хизмат кўрсатади.
Таъкидланишича, Қозоғистоннинг 2025-2027 йилларга мўлжалланган янги бюджетида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 7,1 триллион тенге ажратилган. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш вазири Ақмарал Алназарова тиббий суғурта тизимини ислоҳ қилиш ва унинг жозибадорлигини ошириш доирасида касалликларнинг деярли ярми тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмидан чиқарилишини маълум қилди.