Қозоғистон суди россиялик репер Навайи Бакировни судга қадар икки ой муддатга ҳибсда сақлаш ҳақида қарор чиқарди. Унга нисбатан гиёҳванд моддалар контрабандаси ва уларни ноқонуний сақлаш билан боғлиқ жиноий иш юзасидан тергов олиб борилмоқда.
«Тенгриньюс» нашри Жамбил вилояти полиция департаменти маълумотларига таяниб хабар беришича, Навайи 13 октябрь куни Қирғизистондан Қозоғистонга ўтиш вақтида Кордай чегара назорат-ўтказиш пунктида қўлга олинган. У ҳаракатланган автомобилни текшириш жараёнида гиёҳванд моддалар топилиб, мусодара қилинган. Шундан сўнг хонанда вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Репернинг 14 октябрь куни Остонада ўтказилиши режалаштирилган чиқиши бекор қилинган ёки номаълум муддатга қолдирилган. Ташкилотчилар буни техник сабаблар билан изоҳлаган.
Ҳодисадан сўнг Қирғизистон Чегара хизмати Навайининг «Ақ-Жол» назорат-ўтказиш пунктидан қандай тартибда ўтганини аниқлаш учун хизмат текширувини бошлади. Қоидабузарликлар аниқланса, масъул ходимлар жавобгарликка тортилиши мумкин.
Навайи номи билан танилган Навайи Бакиров — озарбайжон келиб чиқишига эга россиялик репер ва хонанда. У «Ҳаммали ва Навайи» дуэти орқали кенг танилган.
Тергов давом этаётгани сабабли унга қўйилган айбловлар бўйича суднинг якуний хулосаси ҳали маълум эмас.