Қозоғистон Хитойдан Европага кетаётган 20 та юк машинасининг Россия чегарасида божхона блокадаси билан боғлиқ вазият туфайли РФга дипломатик нота юборди.
Қозоғистон бош вазири ўринбосари Серик Жумангарин депутатларнинг “Қозоғистон юк машиналари нега Россия чегараси орқали Европага ўтказилмагани” ҳақидаги саволига жавоб берди.
Жумангариннинг айтишича, Россиянинг янги қоидаларига кўра, мамлакат ҳудуди орқали Европа Иттифоқи, AҚШ ва Украинага учувчисиз учиш аппаратлари, ҳарбий кийимлар, генераторлар, аккумуляторлар ва бошқа маҳсулотлар экспорти чекланган.
Жумангариннинг қўшимча қилишича, Россия бу ўзгаришлар ҳақида Қозоғистонни хабардор қилмаган. Қозоғистоннинг Москвадаги элчихонаси муаммони ҳал қилиш учун Россия ТИВга нота юборган.
Бош вазир ўринбосари Евроосиё иқтисодий иттифоқи қоидаларига кўра, божхона ҳудудида ушлаб турилган товарлар декларантга қайтарилиши кераклигини эслатди. Яна унинг таъкидлашича, бу масала келгуси ҳафта Олмаотада бўлиб ўтадиган Евроосиё иқтисодий иттифоқи ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида икки томонлама ва кўп томонлама асосда муҳокама қилинади.