20 июнь куни “Eco Expo Central Asia 2025” халқаро экологик технологиялар кўргазмаси доирасида Қозоғистон Республикаси Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нйсанбаев иштирокчиларнинг кўргазма стендлари билан танишди. Юқори мартабали меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлик қилди.
Ерлан Нйсанбаев “Eco Expo” кўргазмасини ўтказишнинг аҳамиятини юқори баҳолади ва муҳим мулоқот майдони эканлигини таъкидлади.
“Кўргазма дунё бўйлаб атроф-муҳитни яхшилашга ҳақиқатан ҳам таъсир кўрсатиши мумкин бўлган сўнгги ютуқлар ва инновацияларни ўз ичига олган ҳамда шу туфайли барчанинг эътиборини ўзига қаратаётган тадбирдир”, — деди Е. Нйсанбаев.
Қозоғистон вазири, шунингдек, Ўзбекистон томонига таклиф учун миннатдорлик билдириб, тадбир юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлади.
Ташриф доирасида вазирлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидаги экология ва барқарор ривожланиш соҳасидаги амалий ечимлар намойиш этилаётган стендлар билан танишишди. Чиқиндиларни қайта ишлашнинг замонавий технологиялари, аҳоли пунктларини кўкаламзорлаштириш бўйича кенг кўламли лойиҳалар, шунингдек, 77 гектар майдонда янги яшил боғ барпо этиш намунасига алоҳида эътибор қаратилди.
"Биз атроф-муҳитни яхшилашга қаратилган интилишга гувоҳ бўлдик ва бу жуда таъсирли. Ўйлайманки, бизда умумий ва ўхшаш экологик муаммолар бор ва бугунги кунда уларни минтақавий миқёсда кучларни бирлаштириш орқали ҳал қилиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ", — деди вазир.
Ташриф давомида Ўзбекистон ва Қозоғистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни фаол ривожлантириш ниятида эканлиги, тажриба алмашиш, мутахассислар тайёрлаш ва экологик сиёсатда барқарор тажрибани жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.