Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят судининг 2011 йил 14 январдаги ҳукми билан Х.Ф Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг «а,в» бандлари билан 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига; Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг «а,в» бандлари билан ойлик иш ҳақининг 30 фоизини давлат даромадига ўтказиш шарти билан 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига; Жиноят кодекси 184-моддасининг 3-қисми билан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига; Жиноят кодекси 189-моддасининг 3-қисми билан 6 ой муддатга қамоқ жазосига; Жиноят кодекси 205-моддаси 2-қисмининг «а,б,в» бандлари билан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига; Жиноят кодекси 206-моддаси 2-кисмининг «б,в» бандлари билан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига; Жиноят кодекси 209-моддаси 2-қисмининг «а,б» бандлари билан 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига; Жиноят кодексининг 59,61-моддалари тартибида тайинланган жазолар қисман қўшилиб, жиноятлар мажмуи бўйича ўташ учун узил-кесил 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 11 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига; Жиноят кодекси 59-моддасининг 8-қисмига асосан ўталмай қолган 1 йил 7 ой 15 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси Жиноят кодексининг 61-моддасига асосан тайинланган жазога қисман қўшилиб, ўташ учун узил-кесил 3 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум килиниб, 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Суднинг ҳукмига кўра, судланган Ф.Х масъул мансабдор шахс бўла туриб, ўз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишга йўналтирилган уюшган гуруҳ ташкил этиш, унга раҳбарлик қилиш, мазкур гуруҳ манфаатларини кўзлаб, мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, расмий ҳужжатларга била туриб, такроран сохта маълумотлар ва ёзувлар киритиш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларини жуда кўп миқдордаги қийматда бузиш, жуда кўп миқдордаги солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш ҳамда ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган, давлат ва жамиятнинг жуда кўп миқдордаги моддий бойликларини такроран ўзлаштириш ва растрата қилиш йўллари билан талон-торож қилиш, давлат идораларига била туриб қалбаки ҳужжатларни тақдим қилиш орқали фирибгарлик йўли билан давлатнинг жуда кўп миқдордаги мулкига эгалик ҳуқуқини қўлга киритишда ифодаланган жиноятларни қасддан содир этган.
Жумладан, Ф.Б 2004 йил 16 июндан 2009 йил 29 декабрь кунига қадар «Бухороуйқурилиш» ОАЖ Бошқарув кенгаши раиси лавозимида ишлаб келиб, масъул мансабдор шахс бўла туриб, уз мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда, ўзининг яқин танишлари Х.Т жамият бош ҳисобчиси Т.А «Бетон қориш» бўлими бошлиғи Т.Х «Арматура ишлаб чиқариш» цехи бошлиғи Д.Н ва Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжинеринг компанияси техник назоратчиси Г.Р билан давлат бюджетидан коллеж ва бошқа бино-иншоотларни қуриш ва таъмирлаш учун ажратиладиган ҳамда жамиятга тегишли маблағларни ўзлаштириш мақсадида битта уюшган гуруҳга бирлашиб, унга раҳбарлик қилиб келган.
Хусусан, Ф.Б уюшган гуруҳ режасига мувофиқ, Бухоро вилояти Жондор тумани «Навработ» ҚФЙ ҳудудидаги 540 ўринли Қишлок хўжалик касб-ҳунар коллежини қуриш бўйича 2007 йил 24 ноябрь куни Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузурида ўтказилган тендер савдоларида иштирок этиб ва унда ғолибликни қўлга киритиб, 2007 йил 03 декабрь куни буюртмачи сифатида Бухоро вилоят ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжинеринг компанияси ва бош пудратчи «Бухороуйқурилиш» ОАЖ ўртасида 1.950.161.000 сўмлик 6-сонли пудрат шартномасини тузишга эришиб, уюшган гуруҳ аъзолари Т.Рни 2007 йил 01 декабрь куни жамият иш юритувчиси вазифасига ишга қабул қилиб, техник назоратчи Р.Н ва бошка шахслар билан биргаликда, бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш ва тегишли кўрсаткичларни нотўғри қўллаш йўли билан маҳаллий бюджетдан ажратилган жуда кўп миқдордаги жами 37.176.500 сўмлик маблағларни ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилганлар.
Шунингдек, Ф.Б жиноий шериклари Р.Н ва бошқа шахслар билан биргаликда, олдиндан тузилган жиноий режага мувофиқ, Бухоро вилояти Жондор тумани «Далмун» ҚФЙ ҳудудидаги 540 ўринли Қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-хунар коллежини қуриш бўйича 2008 йил 14 октябрь куни Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузурида ўтказилган тендер савдоларида иштирок этиб, унда ғолибликни қўлга киритгач, 2008 йил 22 октябрь куни буюртмачи Бухоро вилоят Ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжинеринг компанияси ва бош пудратчи «Бухороуйқурилиш» ОАЖ ўртасида 2.579.000.000 сўмлик 7-сонли пудрат шартномасини тузишга эришиб, ишонган шахсларини мазкур коллеж қурилишига жавобгар шахс сифатида тайинлаб ва у орқали бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш, расмий ҳужжатларга такроран сохта маълумотлар киритиш, қурилиш ишларида материаллар миқдори ва нархларини, машина ва механизмлар, иш ҳақи харажатларини ошириб кўрсатиш, мебел-жиҳозларни қиммат нархларда олиб келиб ўрнатиш ҳамда транспорт ва бошқа харажатлар учун қўлланиладиган коэффициентларни нотўғри қўллаш ҳисобига маҳаллий бюджетдан ажратилган жуда кўп миқдордаги жами 67.447.700 сўмлик маблағларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.
Шу билан бирга, Ф.Б жиноий гуруҳ аъзолари Р.Н ва бошқа шахслар билан биргаликда, гуруҳ режаси асосида ўзларининг жиноий фаолиятини давом эттириб, Бухоро вилояти Когон шахар Педагогика коллежи ҳудудидаги 60 ўринли ётоқхонани қуриш бўйича 2009 йил 26 июнь куни Бухоро вилоят ҳокимлиги ҳузурида ўтказилган тендер савдоларида иштирок этиб, унда ғолибликни қўлга киритиб, 2009 йил 13 июль куни буюртмачи Бухоро вилоят Хокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси ва бош пудратчи «Бухороуйқурилиш» ОАЖ ўртасида 305.263.710 сўмлик 243-сонли пудрат шартномаси тузишга эришиб, бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш, расмий хужжатларга такроран сохта маълумотлар киритиш, сохта хужжатлар тузиш ва уларни тақдим этиш орқали мазкур коллеж қурилиш ишларида бажарилган иш ҳажмини ошириб кўрсатиш ҳисобига махаллий бюджетдан ажратилган жуда кўп миқдордаги 153.203.500 сўмлик маблағни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.
Бундан ташқари, Ф.Б Жондор туманидаги Қишлоқ хўжалик касб-хунар коллежи қурилиши жараёнида уюшган гуруҳ аъзолари Т.Р., А.М ва бошқа шахслар билан Бухоро шахридаги «Исмат Мухаммадобод» хусусий корхонаси раҳбари Х.И ва унинг бош хисобчиси билан пулларни ноқонуний нақдлаштириш борасида ўзаро жиноий тил бириктириб, хусусий корхона ёрдамчи пудратчи сифатида иш бажариши тўғрисида 2008 йил 17 январь куни 2-сонли сохта шартномани тузиб, аслида 207.416.100 сўмлик иш ҳажми «Бухороуйқурилиш» ОАЖ томонидан бажарилган бўлса-да, хужжатларга такроран сохта маълумотлар киритиш ва қалбакилаштириш йўли билан мазкур ишлар гуёки «Исмат Мухаммадобод» хусусий корхонаси томонидан бажарилганини акс эттирувчи хужжатларни 2008 йил март ойидан август ойига қадар тузиб келиб, бош пудратчи томонидан Ф.Б ва А.М ҳамда ёрдамчи пудратчи томонидан И.Р ва бош хисобчи имзолари билан тасдиқланган ҳар ойлик сохта 3-шакл маълумотномалари ва «5-шакл» далолатномаларида кўрсатиб, шу орқали «Бухороуйқурилиш» ОАЖдан «Исмат Мухаммадобод» хусусий корхонаси хисоб рақамига 2008 йилнинг январь-август ойлари давомида пул кўчириш йўли билан ўтказилган жами 204.420.600 сўмнинг 80 фоизи, яъни 163.536.480 сўмини қонунга хилоф равишда нақдлаштириб олиб, қолган 20 фоизи, яъни 40.884.120 сўмдан иборат жуда кўп миқдордаги қисмини савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига зид равишда ҳаракат қилган жиноий шериклари И.Р ва бош хисобчисига аввалдан эришилган келишувга кўра, «хизмат ҳақи» сифатида бериб, жамиятнинг жуда кўп миқдордаги 204.420.600 сўмлик пул маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан такроран талон-торож қилганлар.
Шунингдек, Ф.Б жиноий шериги Т.Р билан биргаликда, Т.Рнинг жавобгарлигида бўлган товар-моддий бойликлар камомадини яшириш мақсадида, 2008 йилги «М-29» хисобот журналига йил давомида қурилиш объектларида амалга оширилган ишларда 2.687.800 сўмлик 1551 килограмм «Бустилат» номли елим ҳаражат қилингани тўғрисида сохта маълумотларни киритиб, мазкур маблағни растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.
Ф.Б ва жамият бош ҳисобчиси А.Млар ўзларига қонун билан берилган мансаб ваколати доирасидан четга чиқиб, шунингдек мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда Жамият акциядорлари розилигини олмай, Жамият Кузатув кенгашининг махсус қарорисиз 2008-2009 йиллар давомида Жамиятнинг хисоб-рақамидан айрим ходимлар, хусусан ўзлари, Х.О., Х.С., М.С., иш юритувчи Т.Р жиноий шериклари Н.Р., А.М., Т.Рларнинг уяли телефонлари учун қайд этилган давр оралиғида жами 5.150.000 сўм маблағни «Уздунробита» МЧЖ Бухоро филиалига асоссиз равишда кўчиришлари натижасида Жамиятнинг кўп миқдордаги маблағини такроран растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.
Шунингдек, Ф.Б уюшган гуруҳ аъзолари Н.Р ва А.М билан биргаликда, 2007-2009 йиллар давомида Жамиятнинг темир-бетон махсулотлари ишлаб чиқариш цехидаги темир қолиплардан кесиб олинган 240 дона металл листларнинг 114 донасини Н.Рнинг материал хисоботларига жами 76.500.000 сўмга кирим қилиб, уларни тегишли консалтинг ташкилотлари орқали бахоламай турли корхона ва жисмоний шахсларга 115.300.000 сўмга чиқим қилиш орқали 373.349.600 сўмга арзон нархларда сотиб, улардан тушадиган даромад ҳисобидан 70.635.700 сўм солиқ тўловлари тўлашдан қасддан буйин товлаб, фуқаро Б.Т билан ўзаро жиноий тил бириктириб, икки томонлома шартнома тузмасдан, аслида «тонна» оғирлик ўлчов бирлигида ҳисоблаб сотилган 9 дона металл листни 2009 йил 01 июнь кунги 17-сонли сохта юк хатига ҳар бир донаси 1.000.000 сўмдан жами 9.000.000 сўмга сотилгани тўғрисидаги ёлғон маълумотларни киритиш йўли билан уларнинг баҳосини қасддан камайтириб кўрсатган ҳолда чиқим қилиб, судланувчи Т.Б томонидан ўзлаштириш орқали талон-торож қилиниб, қолган 126 дона, яъни 490.920.000 сўмлик металл листларни Жамиятга кирим қилмай, қасддан яшириб, уларни шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб, Жамиятнинг жами 864.269.600 сўмлик маблағини такроран ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб, давлатга тўланиши лозим бўлган жуда кўп миқдордаги 70.635.700 сўмлик солиқ ва бошқа тўловларни тўлашдан буйин товлаганлар.
Бундан ташқари, Ф.Б маъсул мансабдор шахс бўла туриб, уюшган гурух манфаатларини кўзлаб, жиноий гуруҳ аъзоси А.М билан биргаликда бошқа шахслар билан тил бириктириб, мансаб ваколатини суиистеъмол қилган ҳолда 2009 йил давомида Жамиятда вақтинча ишловчи 33 нафар ходимларга 1 фоизли жамғариб бориладиган нафақа тўловлари ҳисобламасдан, жами 3.222.900 сўмлик мажбурий тўловни тўлашдан қасддан такроран буйин товлаб келганлар.
Ф.Б жиноий гуруҳ аъзоси Х.М билан биргаликда, 2009 йил давомида унинг жавобгарлигида бўлган икки дона вагон, бир дона «СМК-101» русумли автокран, бир дона «ГАЗ-52» русумли автомашина, бир дона «КПО пресс» қурилмаси, бир дона «Стенд тех СГН 412» русумли қурилма, бир дона «ТК-24» русумли конвейр, бир дона пайвандлаш аппарати, бир дона «КП-125-02» русумли кир ювиш машинаси, жами 9 турдаги 24.497.400 сўмлик асосий воситаларни тегишли тартибда Жамият бухгалтерияси ҳисобидан чиқармай, тергов давомида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган шахсларга сотиб юбориб, улардан тушган даромадларни ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида сарф қилиб, Жамият хисобига кирим қилиниши лозим бўлган жуда кўп миқдордаги мулкни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганлар.
Шунингдек, Ф.Б жиноий гуруҳ аъзоси А.М билан биргаликда, «Бухороуйқурилиш» ОАЖ 2008 йил якуни ҳисоботлари бўйича молиявий зарар билан чиқкани сабабли зарар миқдорини камайтириб кўрсатиш мақсадида, ўзига берилган мансаб ваколатидан қасддан фойдаланиб, 2008 йил 12 март кунги 1-сонли юк хати асосида «Эргашев Нуриддин» фермер хўжалигидан 24.000.000 сўмга сотиб олинган пишиқ ғиштни йил якуни бўйича тузилган ҳисоботларда, гуё 27.990.000 сўмга сотиб олинганини кўрсатиш орқали расмий хужжатларга такроран сохта маълумотлар киритганлар.
Бундан ташқари, Ф.Б ва уюшган гуруҳ аъзолари А.М., Х.М., Н.Рлар Жамият мулки ҳисобланган ва уларга ишониб топширилган цемент, шифер ва бошқа қурилиш материалларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб, сўнг мазкур жиноятни яшириш мақсадида, қайтариб бериш шарти билан 2008 йил 1 декабрь куни 192 тонна цемент ва 600 дона шиферни олиш бўйича Когон шахар Ободонлаштириш ва кукаламзорлаштириш бўлими билан Жамият ўртасида 50-сонли шартномани тузишга эришиб, ушбу қурилиш материалларини қабул қилиб олгач, уларни Жамият хисобига кирим қилмай, 600 дона шиферни Н.Р.Д.нинг хисоботидаги камомадни, 187 тонна цементни эса Х.Мнинг хисоботидаги камомадни яшириш мақсадида фойдаланиб, уларни растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиб, Жамиятга жуда кўп миқдорда, яъни жами 35.868.000 сўм зарар етказганлар.
Шунингдек, Ф.Б 2005 йил декабрь ойида «Бухороуйқурилиш» ОАЖнинг собиқ ташкилий шакли бўлган «Бухоросаноатбутлаш» ишлаб чиқариш кооперативи акцияларининг 25 фоизлик давлат улушини, яъни 3.569.568 сўмлик 5776 дона акцияни қўлга киритишни кўзлаб, ушбу мақсадига эришиш йўлида ҳаракат қилиб, мазкур акцияларни сотилиши бўйича 2005 йил 30 декабрь куни Бухоро вилоят Танлов комиссияси ҳузурида ўтказиладиган тендер ғолиблигига ўз номзодлигини қуйиш имконияти чегаралангани сабабли уюшган гуруҳ аъзоси Т.Х билан тил бириктириб, уни танловда иштирок этишига, Жамиятга 120.000.000 сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан танловда ғолибликни қўлга киритишига ҳамда Бухоро вилоят Давлат мулкини бошқариш бошқармаси билан 2006 йил 04 январь кунги 86-сонли шартномани тузишига эришиб, 2006-2007 йиллар давомида инвестор Х.М томонидан жами 42.204.000 сўмлик инвестиция киритилган бўлса-да, 122.356.000 сўмлик инвестиция жихозлари ва маблағи кирим қилингани тўғрисида сохта далолатномаларни тузиб, уларда ўзига ва бошқа шахсларга тегишли бўлган хусусий мулкларни такроран сохта маълумотлар киритиш орқали инвестор Х.М томонидан киритилган килиб кўрсатиб, ушбу сохталаштирилган хужжатларни тегишли ташкилотларга тақдим этиб, давлатнинг ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан «Бухороуйқурилиш» ОАЖнинг жуда кўп миқдордаги 25 фоизлик мулкига бўлган эгалик хуқуқини жиноий шериги Х.М билан биргаликда, қонунга хилоф равишда қўлга киритганлар.
Биринчи босқич суди ҳукм чиқарган вақтда, судланувчи Ф.Х ҳаракатларини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари, 168-моддаси 3-қисмининг “а,в” бандлари, 184-моддасининг 3-қисми, 189-моддасининг 3-қисми, 205-моддаси 2-қисмининг “а,б,в” бандлари, 206-моддаси 2-қисмининг “б,в” бандлари, 209-моддаси 2-қисмининг “а,б” бандлари билан тўғри квалификация қилган.
Бироқ, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 391-сонли Қонунига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 189-моддасидан унинг биринчи ва иккинчи қисмлари чиқарилганлиги, шунингдек, Жиноят кодексидан масъул мансабдор шахс деган атама чиқарилиб, ЖК 205 ва 206-моддаларининг 2-қисмлари янги таҳрирда қабул қилинган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 29 мартдаги “Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 421-сонли Қонунига мувофиқ ЖК 189-моддаси санкциясидан қамоқ жазоси чиқарилган
Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 13-моддасида қонуннинг вақт бўйича амал қилиши кўрсатилган бўлиб, унга кўра қилмишнинг жиноийлигини бекор қиладиган, жазони енгиллаштирадиган ёки шахснинг аҳволини бошқача тарзда яхшилайдиган қонун орқага қайтиш кучига эга, яъни ушбу қонун кучга киргунга қадар тегишли жиноий қилмиш содир этган шахсларга, шу жумладан жазони ўтаётган ёки ўтаб бўлган шахсларга нисбатан, агар улар ҳали судланган ҳисоблансалар, татбиқ этилиши кўрсатилган.
Шу сабабли кассация судлов ҳайъатининг 2019 йил 12 июль кунидаги ажрими билан Ф.Хнинг ҳаракатини ЖК 189-моддасининг 3-қисмидан ЖКнинг 189-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилинди ҳамда унинг айбидан ЖК 205-моддаси 2-қисмининг “в” банди ва 206-моддаси 2-қисмининг “в” бандини чиқарилди.
Шунингдек, унинг пенсия ёшига етганлигини инобатга олиб, ЖК 189-моддаси 1-қисми билан жазо тайинлашда ЖК 57-моддасини қўллаб, жиноят содир этилган вақтда, яъни 2008 йил август ойида амалда бўлган энг кам ойлик иш ҳаққи миқдори-20.865 сўмдан келиб чиқиб жарима жазосини тайинланди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ЖК 50-моддасининг 6-қисмида “Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётган аёлларга ҳамда олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан тайинланаётган жазо муддати ушбу Кодекс Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум этиш энг кўп муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.” деб қайд этилган.
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарорининг 28-бандида ЖК 50-моддасининг олтинчи қисмига мувофиқ, аёлларга, шунингдек 60 ёшдан ошган эркакларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо муддати Жиноят кодекси Махсус қисмининг тегишли моддасида назарда тутилган озодликдан маҳрум қилиш жазоси максимал муддатининг учдан икки қисмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Жиноятлар ёки ҳукмлар мажмуи бўйича жазо тайинланаётган ҳоллар ҳам бундан мустасно эмаслиги тўғрисида раҳбарий тушунтириш берилган.
Судлов ҳайъати, юқорида қайд этилган Қонун ва Олий суди Пленумининг раҳбарий тушунтиришларига асосланиб, Ф.Хга нисбатан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоларини қонунга мувофиқлаштириб, камайтирди.
Ф.Турсунов,
КСҲ-3-08/100-19-сонли ажрими
Жиноят ишлари бўйича
Бухоро вилоят судининг
судьяси