Қирғизистон президенти Садир Жапаров 24 март куни паспорт ишлаб чиқариш жараёнини ва янги “загран” паспортларни кўздан кечирди. Бу ҳақда “АКИпресс” хабар берди.
Маълум қилинишича, 3 ойдан сўнг Қирғизистонда амалдаги хорижга чиқиш паспортлари бланкаларини чиқариш тўхтатилади. Уларнинг ўрнига янгиларини чоп этиш бошланади.
Умумий фуқаролик паспортининг янги бланкаларининг дизайни ўзгартирилди. Энди унда Қирғизистон ва унинг диққатга сазовор жойларини акс эттирувчи қўшимча тасвирлар мавжуд. Жумладан, “Интимак Ордо” биносининг сурати ҳам жой олган. Ултрабинафша нурларда тасвирлар ўзгариб туради, шунингдек, Манаснинг тасвири туширилган голограммалар ҳам қўшилган.
Босмахона директори Қирғизистон паспортларини қалбакилаштиришдан ҳимоя қилиш даражаси дунёдаги энг яхши ўнталикка киришини айтди. Бу эса уларнинг халқаро талабларга жавоб беришини тасдиқлаётганини таъкидлади.
Президент матбуот хизматига кўра, 2024 йил якунига кўра Қирғизистонда 770 минг 103 та паспорт тайёрланган: 359 минг 221 та умумфуқаролик паспорти, 410 882 та ID-карта.