2021 йилда мамлакатимизда номинал иш ҳақи Қирғизистонга нисбатан 8,4 фоизга юқори бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу фарқ умуман тескари томонга ўзгариб, мамлакатимизда ўртача маошлар Қирғизистонга нисбатан 17,4 фоизга пастроқ шаклланган. Бу ҳолат минтақавий кескинликлар натижасида Қирғизистонда даромадлар ўсишининг сезиларли тезлашганлиги билан изоҳланиши мумкин.
Пандемиядан олдинги икки йилда (2017-2019) Қирғизистонда ўртача иш ҳақи 10 фоизга ошган бўлса сўнгги икки йилда 36 фоизга (номиналда) ўсган (2021 йилга нисбатан 82 фоизга). Таъкидлаш керакки, номинал ўсишнинг бир қисми иккинчи даврда инфляциянинг сезиларли тезлашганлиги билан ҳам изоҳланади. Масалан 2017-2019 йилларда кумулятив инфляция 7,4 фоизни ташкил этган бўлса, пандемиядан кейинги даврда бу кўрсаткич 45,4 фоизга етган. Аммо инфляция таъсирини олиб ташлаганда ҳам ўсиш сўнгги йилларда сезиларли тезлашган. Яъни, Россия-Украина уруши ва мамлакатдаги ички ўзгаришлар даромадлар ўсишини тезлаштирган.
Мамлакатимизда эса бироз тескари тенденция, пандемиядан олдинги даврда инфляция сезиларли даражада юқори бўлган бўлса, кейинги даврда бироз секинлашган. Хусусан, 2017-2019 йилларда ўртача йиллик инфляция 16,1 фоизни ташкил этган бўлса, пандемиядан кейинги даврда бу кўрсаткич 10,2 фоизгача секинлашган. Шу маънода пандемиядан олдинги даврда (барча корхона ва ташкилотлар бўйича номинал иш ҳақининг ўсиши юқори бўлгани тушунарли. Хусусан, 2017-2019 йилларда иш ҳақи 56 фоизга ошган бўлса, 2022-2024 йилларда даромадларнинг ўсиши 37,4 фоизни ташкил этган (2021 йилдан буён 65,4 фоиз).
Яна бир қизиқ тенденция 2021 йилда мамлакатимиздаги энг паст ўртача иш ҳақига эга вилоятда маошлар Қирғизистондаги иккита вилоятдан юқори шаклланган. Хусусан, 2021 йилда Наманганда ўртача иш ҳақи Ўш вилоятига нисбатан қарийб 25 фоизга юқори бўлган.
2024 йилга келиб эса Қирғизистонда энг паст иш ҳақига эга вилоятдаги маошлар мамлакатимиздаги 10 та вилоят (маъмурий ҳудуд) дан юқорироқ шаклланган (графикка қаранг). Хусусан, ҳозирги кунда Ўш вилоятидаги ўртача иш ҳақи Наманган вилоятига нисбатан 17,6 фоизга юқори.
Икки давлат маъмурий ҳудудлари орасида энг юқори маош Тошкентдалигича қолмоқда. Лекин 2021 йилда Тошкентда ўртача иш ҳақи Бишкекдан 36,4 фоизга юқори бўлган бўлса, 2024 йилга келиб бу фарқ 10,6 фоизгача қисқарган. Яъни Бишкек иш ҳақи бўйича Тошкентни етиб олмоқда.