Қирғизистонда 5 август куни содир бўлган 5,6 магнитудали зилзила оқибатида 14 та турар-жой ва бошқа бинолар қисман зарар кўрган. Бу ҳақда ТАССга республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълум қилди.
“Кеча, 5 август куни Жалолобод вилоятида содир бўлган зилзила оқибатларини ўрганиш бўйича комиссиянинг дастлабки маълумотларига кўра, зарар кўрган турар-жой ва ижтимоий объектлар сони 14 тага етди”, деди вазирлик вакили.
Унинг сўзларига кўра, Майлуу-Суу шаҳрида ижтимоий объектлардан бирининг деворларида “ёриқлар ҳосил бўлган”. Вилоятнинг Сузоқ ва Бозорқўрғон туманларида ҳам турар-жой бинолари ва уй-жойларга зарар етгани қайд этилган.
Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбари Бообек Ажикеев комиссияга ер силкинишлари оқибатларини ўрганишни давом эттириш бўйича топшириқ берди.
Қирғизистонда 5 август куни соат 19:44 да Ўзбекистон билан чегара яқинида 5,6 магнитудали зилзила содир бўлди. Маилу-Сувда зилзила кучи 5 балл, вилоят маркази Жалолободда 4 баллни ташкил қилган.
Манбаи 23 километр чуқурликда бўлган ер силкинишини Қирғизистон пойтахти (2,5 магнитудали), шунингдек, Ўзбекистон аҳолиси ҳам ҳис қилди, деб хабар берди tass.ru.