Қирғизистонда 16 нафар хорижликка ноқонуний равишда республика фуқаролигини олишга ёрдам берган икки давлат амалдори қўлга олинди.
Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) матбуот хизмати маълум қилди.
"МХДҚ ходимлари томонидан сохта суд қарорлари асосида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Қирғизистон Республикаси фуқаролигига ноқонуний қабул қилиш ҳолати аниқланган”, — дейилади хабарда.
Тергов маълумотларига кўра, Ўш вилояти Ўзган туман суди ходими ҳамда Ўзган туман меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция бўлими бошлиғи томонидан чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга пул компенсацияси учун Қирғизистонда туғилганликлари тўғрисида сохта суд қарорлари тақдим этилган.
"Ўш шаҳар суди икки ой муддатга Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлади. Ҳозирда жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-тергов тадбирлари давом эттирилмоқда", — дея аниқлик киритди матбуот хизмати.