5 январь куни Тожикистон билан чегарадош Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги Арка-2 қишлоғидаги турар жой биноларидан бирида номаълум портловчи қурилма портлаб кетди.
Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматининг дастлабки маълумотларига кўра, портлашга уй эгаси томонидан эски қурилиш материаллари орасидан топилган снаряд сабаб бўлган. Портлаш натижасида аёл ва унинг яқинида бўлган ўн икки ёшли қизи жароҳат олган. Қайд этилишича, 2022 йилда уларнинг уйи отишма натижасида ёниб кетган.
Ҳозирда жабрланганлар шифохонада ва уларга зарур тиббий ёрдам кўрсатилди. Уларнинг саломатлик ҳолати барқарор деб баҳоланмоқда.
Воқеа жойида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари иш олиб бормоқда, ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.
— Бундан ташқари, шу куннинг ўзида Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди ва унда Тожикистон томони воқеа юзасидан хабардор қилинди. Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати чегара ҳудудлари аҳолисини огоҳ бўлишга, улар топган шубҳали нарсаларга тегмасликка, зудлик билан чегара бўлинмалари ёки ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар беришга чақиради, — дейилади хабарда.