Қирғизистон Давлат чегара хизмати қирғиз-тожик чегарасининг Боткен вилоятидан ўтувчи қисмида кенг кўламли муҳандислик ишларини якунлади.
Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати маълумотларига кўра, 2025-2026 йилларда Боткен ва Лейлек туманларида 327,7 километрдан ортиқ чегара тўсиқлари ўрнатилди, шунингдек, 338,5 километр дала йўллари қурилди.
Давлат чегарасини муҳандислик жиҳатидан жиҳозлашда турли хил тўсиқлардан фойдаланилди. Чегара ўтадиган ҳудудларнинг рельефи ва шароитларидан келиб чиқиб, ҳар хил конструкциялар танланди.
Фото: Государственная пограничная служба Кыргызской Республики
Идора маълумотларига кўра, чегара текисликлар, тоғли ва баланд тоғли ҳудудлар, шунингдек, олис туманлардан ўтади. Тик қияликлар каби мураккаб рельефли жойлар қурилиш материаллари ва ускуналарини етказиб беришни қийинлаштирди.
Фото: Государственная пограничная служба Кыргызской Республики
“Давлат чегара хизмати билан бир қаторда, Мудофаа, Фавқулодда вазиятлар ва Ички ишлар вазирликлари, шунингдек, Давлат божхона хизмати бўлинмалари ҳам ишларга жалб этилди. Давлат органларининг ҳамжиҳатликдаги ҳамкорлиги туфайли чегаранинг энг мураккаб ва етиб бориш қийин бўлган участкаларида ҳам кенг кўламли муҳандислик ишлари амалга оширилди. Қурилиш давомида ўрнатилган тўсиқларнинг сифати ва техник талабларга риоя этилиши доимий назорат остида бўлди”, — дейилади баёнотда.