Бугун 9 август, 2025 йил, шанба

O'ZB

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларига чет эл таъсирини чеклади

Қирғизистон оммавий ахборот воситаларига чет эл таъсирини чеклади

Қирғизистон Президенти Садир Жапаров оммавий ахборот воситаларига оид янги қонунни имзолади. Ушбу қонунда чет эллик эгалари учун чекловлар ва интернет платформаларни рўйхатдан ўтказиш мажбурияти белгиланган.

Президент Садир Жапаров “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунни имзолади. Ҳужжатда таҳририятларни рўйхатдан ўтказиш тартиби, уларнинг ишлаш қоидалари ва ҳуқуқий мақоми, шунингдек, журналистлар учун жавобгарлик ва кафолатлар кўрсатилган. Қонуннинг асосий қоидаларини Президент матбуот хизмати эълон қилди.

Қонунга кўра, чет эл фуқаролари ва компаниялари Қирғизистонда фаолият юритувчи ОАВ устав капиталида 35%дан ортиқ акция, улуш ёки пайга эга бўла олмайди.

Таҳририятларга аноним манбани — яъни маълумот берган шахсни фош этмаслик ҳуқуқи сақлаб қолинган. Бу ҳуқуқ фақат суд қароридан кейингина чекланиши мумкин.

Қонун цензура ва мансабдор шахслар томонидан ҳар қандай шаклдаги босимни тўғридан-тўғри тақиқлайди. Шунингдек, таҳририят ёки муассис фаолиятига аралашиш ҳам ман этилади.

Ҳужжатда ОАВни рўйхатдан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш, фаолиятини тўхтатиш ва ёпиш тартиблари ҳам кўрсатилган. Рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ маълумотлар адлия органлари реестрига киритилгандан сўнг ОАВ фаолиятини бошлаши мумкин. Нашр фақат суд қарори ёки муассис ташаббуси билан тўхтатилиши ёки ёпилиши мумкин.

Алоҳида эътибор интернет ОАВга қаратилган. Қонуннинг якуний версиясида нафақат анъанавий медиа, балки веб-сайтлар ва блогларни ўз ичига олган онлайн-платформалар ҳам мажбурий рўйхатдан ўтказилиши лозимлиги белгиланган. Аввалига бу ихтиёрий бўлиши кераклиги муҳокама қилинган эди, аммо охирги таҳрирда мажбурийлиги мустаҳкамланди.

Қонунда шунингдек, журналистларнинг ҳуқуқлари, ахборотга кириш тартиби ва таҳририятларни жавобгарликдан озод қилиш ҳолатлари ҳам аниқлаштирилган.

Президент матбуот хизматига кўра, мазкур қонун Қирғизистонда мустақил, рақобатбардош ва масъулиятли ОАВни ривожлантиришга қаратилган.

Киритилди: 14:28 07.08.2025. Ўқилди: 486 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!