Эроннинг араб давлатларига ҳужумлари Форс кўрфази минтақавий давлатлар билан муносабатларга жиддий зарар етказмоқда.
Бу ҳақда Қатар ташқи ишлар бўйича давлат вазири Муҳаммад ал-Хулайфий Al Jazeera телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг таъкидлашича, минтақавий давлатлар Эроннинг душмани бўлмаса-да, Теҳрон Қатар ҳудудини ҳам ўз ичига олган ҳолда ракета ҳужумларини давом эттирмоқда.
"Бу Эронга ҳеч қандай фойда келтирмайди ва аслида узоқ йиллик тарихий муносабатларга жуда катта зарар етказади", деди дипломат.
Ал-Хулайфий Қатар сўнгги дақиқагача турли дипломатик каналлар орқали инқирозни жиловлашга ва уруш бошланишининг олдини олишга ҳаракат қилганини таъкидлади.
У шунингдек, сўнгги кунларда энергетика, авиация ва савдо объектлари каби фуқаролик инфратузилмасига таъсир қила бошлаган зарба нишонлари доирасининг кенгайишидан хавотир билдирди.
Шу билан бирга, Қатар ташқи ишлар вазирлиги вакили Доҳа Эрон атрофидаги можарони дипломатик ва тинч йўл билан ҳал қилишга чақиришда давом этаётганини таъкидлади.