Қатар Сурияга Иордания орқали табиий газ етказиб беришни бошлади, дея хабар бермоқда QNA давлат ахборот агентлиги.
Лойиҳанинг биринчи босқичида кунига 400 мегаваттгача электр энергияси ишлаб чиқарилади, дейилади Қатар тараққиёт жамғармаси баёнотида. Таъминот Иордания орқали ўтувчи Араб газ қувури орқали амалга оширилади.
Иордания энергетика вазири Солиҳ Харабшенинг аниқлик киритишича, ташаббус тўлиқ Қатар томонидан молиялаштирилади.
Исмини ошкор этмаган америкалик мулозим Reuters агентлигига газ келишуви президент Доналд Трамп маъмурияти томонидан маъқулланганини айтди, аммо тафсилотларни келтирмади.
Сурия электр энергетика вазири Умар Шакрук етказиб бериш бошланганини тасдиқлади ва электр энергиясини кунига 2-4 соатга оширишини айтди.