Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Қашқадарё филиали ходимлари статистик маълумотлар асосида вилоятнинг 2023 йил январь-сентябь ойларидаги асосий макроиқтисодий кўрсаткичларини таҳлил қилди.
2023 йилнинг 3-чорагида вилоятдаги ЯҲМ ҳажми 41,6 трлн сўмни, ўсиш кўрсаткичи 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 104,5%ни (ўсиш кўрсаткичи бўйича Республика ҳудудлари орасида 9-ўрин) ташкил қилган.
Вилоятда яратилган ЯҲМнинг Республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 5,5% бўлган ҳолда Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Самарқанд, Фарғона, Андижон вилоятларидан кейинги 7-ўринни эгаллаган.
ЯҲМнинг ўсиши ҳудуд иқтисодиётининг асосий тармоқларидаги ижобий ўсиш суръатлари билан боғлиқдир. Ўсиш суръатлари саноатда – 107%, қурилишда – 109%, хизматлар соҳасида – 109,4%ни ташкил этди
Таҳлил қилинаётган давр мобайнида саноат ишлаб чиқариш ҳажми 20,4 трлн сўмни (республикадаги улуши 4,4%ни, ҳудудлар ичида 8-ўринни эгаллаган) ташкил қилди.