Россия президенти Владимир Путин америкалик ҳамкасби Дональд Трамп билан телефон мулоқоти чоғида Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётини қоралади, деди президентнинг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Юрий Ушаков.
"Фикр алмашинуви табиий равишда Яқин Шарқдаги вазиятнинг хавфли кескинлашувига қаратилди", — деди Ушаков. "Владимир Путин Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий амалиётини қоралаб, можаронинг кучайиши мумкинлигидан жиддий хавотир билдирди, бу эса Яқин Шарқдаги бутун вазият учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга олиб келиши мумкин", — дея қўшимча қилди Кремль вакили.
Россия президенти ёрдамчисининг айтишича, президент "Америкалик ҳамкасбини Исроил бош вазири ва Эрон президенти билан телефон алоқалари ҳақида маълум қилган".
Россия ва АҚШ президентлари Теҳрон Вашингтон билан музокарага қайтишини истисно қилмади.
Ушаков "Исроил 15 июнга белгиланган музокараларнинг навбатдаги босқичи арафасида том маънода зарбалар берганини" эслатди. “Дональд Трамп, ўз навбатида, вазиятни жуда хавотирли деб баҳолади, гарчи у Исроилнинг Эрондаги нишонларга берган зарбалари самарадорлигини тан олган бўлса ҳам”, — деди Ушаков.
"Характерли жиҳати шундаки, Россия ва Америка президентлари шундай мураккаб вазиятга қарамай, Эрон ядро дастури бўйича музокаралар йўлига қайтишни истисно этмайдилар”, — дея қўшимча қилди Россия етакчисининг ёрдамчиси.
"Америкалик музокарачилар жамоаси Эрон вакиллари билан ишлашни давом эттиришга тайёр. Маълумки, Уммон воситачилигида бундай билвосита музокараларнинг бешта раунди ўтказилди", - дея хулоса қилди Ушаков.
Путин Россия Исроил ва Эрон ўртасида воситачилик қилишга тайёрлигини маълум қилди, деди Ушаков.
“Можаро авж олишига йўл қўймаслик муҳимлиги ва Россия томони кейинги саъй-ҳаракатларни амалга оширишга тайёрлиги таъкидланди”, — деди Ушаков.
“Россия президенти ҳозирги кескинлашувдан олдин АҚШ ва Эрон вакиллари ўртасида Эрон ядро дастури бўйича музокаралар чоғида ўзаро мақбул келишувларни топишга қаратилган аниқ қадамларни таклиф қилганимизни эслатди”, — деди дипломат.
“Россиянинг келишувга бўлган фундаментал ёндашуви ва манфаати ўзгаришсиз қолмоқда ва Владимир Путин таъкидлаганидек, биз шу асосда ҳаракат қилишда давом этамиз”, деди Ушаков.