Венгрия Бош вазири Виктор Орбан ва Ташқи ишлар вазири Петер Сийярто Сербия раҳбари Александр Вучич билан музокара ўтказмоқда. Орбан ва Сийярто энергетика хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилиш учун Белградга ташриф буюрди.
"Белградда венгриялик дўстларимиз Виктор Орбан ва Петер Сийяртони кутиб олиш доимо катта шараф ва мамнуният. [Сербиянинг Бош вазир ўринбосари, молия вазири] Синиша Мали билан биргаликда биз ҳозирги геосиёсий ва минтақавий масалаларни, шунингдек, янги муаммоларга ечим топиш мақсадида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилмоқдамиз. Эътиборимиз марказида инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва энергетика хавфсизлиги масалалари турибди," - дея ўзининг Instagram саҳифасида ёзди Вучич.
Орбан ва Сияртонинг ташрифи, айниқса, АҚШ томонидан Россия нефть-газ секторига қарши янги санкциялар тўплами билан боғлиқ. Санкциялар рўйхатига Россия компанияларидан ташқари, NIS ("Сербия нефть саноати") ҳам киритилган. Унинг ишлаб чиқариш қувватлари Сербия, Босния ва Герсеговина, Болгария, Руминия ва Венгрияда жойлашган. Сербия президенти санкцияларнинг жорий этилиши Вашингтоннинг Сербия ҳукуматидан NIS компаниясидан Россия капиталини чиқаришни тўғридан-тўғри талаб қилаётганини англатишини маълум қилди. Унинг айтишича, бу жараён 25 февралга қадар якунланиши лозим.