Россия президенти Владимир Путин Украинадаги урушни тўхтатишнинг асосий шартларидан бири сифатида Донбасснинг бутун ҳудуди устидан назорат ўрнатишни сўрамоқда. Яъни, у Украина Донбасснинг маъмурий чегараларидан ўз қўшинларини олиб чиқишини талаб қилмоқда.
Владимир Путин АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакиллари билан Москвада ўтган навбатдаги учрашувда ҳам яна шу позиция илгари сурган. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги ўз манбаларига таяниб хабар бермоқда.
Украина томони эса, ўз навбатида, можарони ҳозирги чизиқ бўйлаб музлатишга тайёрлигини, аммо рус армияси ҳали эгаллай олмаган ҳамда қачон эгаллаши ҳам аниқ бўлмаган ҳудудлардан воз кечмаслигини билдирди. Шу билан бирга, украиналиклар минтақанинг ўз назоратида қолган қисмларида мудофаани кучайтирмоқда.
Украина президенти Владимир Зеленскийнинг таъкидлашича, Путин Россия армиясига йил якунига қадар Донеык вилоятини тўлиқ эгаллашни топширган. Россиялик ҳарбийлар эса бу муддатни 2027 йил 31 мартгача узайтиришни сўрамоқда.
Ҳарбий экспертлар бу режани амалга ошириш мумкинлигига бироз шубҳа билан қарайди. Бу хулоса асосида можаронинг аллақачон позицион босқичга ўтгани, Украина аста-секин жанг майдонида ташаббусни ўз томонига оғдираётгани ётади.
"Ҳозирги илгарилаш суръатларида Россия қўшинлари Донецк вилоятининг қолган 19 фоизини фақат 2032 йил 2 октябрга келибгина эгаллаши мумкин", дейилади АҚШнинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида.