Бу ҳақда Россия президентининг расмий сайтида хабар эълон қилинди.
Кремл маълумотига кўра, давлат раҳбарлари Эрон ва Исроил ўртасидаги можаро ҳамда Қўшма Штатларнинг Эрон ядро объектларига берган зарбалари фонида Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилган.
Путин суҳбат давомида Макрон билан Украина атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилиб, бу можаро Ғарб сиёсатининг бевосита натижаси эканини эслатди.
Кремлнинг хабар беришича, Путин Макронга Ғарб кўп йиллар давомида Украинада Россияга қарши плацдарм яратганини, ҳозир эса жанговар ҳаракатларни чўзишга интилаётганини таъкидлади.
Кремл суҳбат мазмунли бўлгани ҳақида ҳам қўшимча қилди. Путин Макронга Украина бўйича тинчликка эришиш комплекс ёндашув асосида бўлиши, бу жараён можаронинг илдиз сабаблари бартараф этилиши ва фронтдаги реал ҳолатларга таяниши кераклигини айтди.
"Шунингдек, давлат раҳбарлари Эроннинг тинч атом лойиҳаларидан фойдаланиш ҳуқуқини ҳурмат қилиш ва унинг Ядро қуролини тарқатмаслик шартномаси бўйича мажбуриятларига, жумладан, МАГАТЭ билан ҳамкорликка амал қилиш муҳимлигини таъкидладилар", дейилади Россия президенти матбуот хизмати хабарида.