Путин Украина билан урушга жалб қилинган барча ҳиндистонликларни Россия армиясидан четлаштиришга рухсат берди — NDTV.
Ушбу масалани Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди Москвада бўлиб ўтган Владимир Путин билан учрашувда кўтарди, дея хабар бермоқда телеканал манбаларга таяниб. NDTV телеканали маълумотларига кўра, Путин Россия армиясига чақирилган барча Ҳиндистон фуқароларини четлатишга ва уларнинг қайтишига кўмаклашишга рози бўлган.
Март ойида Ҳиндистон расмийлари алдов йўли билан, Россия томонида Украинага жангга жўнатилган одамлар савдоси тармоғини фош этганини айтган эди. Ҳиндистон марказий тергов бюросига кўра, Россия армиясига шу йўл билан камида 35 нафар ҳиндистонлик фуқаро жўнатилган.
Ҳозирда Украина билан урушда камида икки Ҳиндистон фуқароси ҳалок бўлгани маълум, дея қайд этди NDTV.