Украина президенти Владимир Зеленский Европа Иттифоқи давлатлари раҳбарларини 9 май куни - Москвада анъанавий равишда ҳарбий парад ўтказиладиган кунда Киевга ташриф буюришга чорлади.
Бу ҳақда Politico нашриёти дипломатик доиралардаги манбаларга асосланиб хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, таклифнома Люксембургда Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари билан учрашувда Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибига томонидан етказилган. Мақсад - давом этаётган уруш шароитида Ғарбнинг ҳамжиҳатлигини намойиш этиш ва Киевдаги учрашувни Москвадаги ҳарбий намойишга қарама-қарши қўйишдир.
Шунингдек, Зеленский Киевда "иштиёқмандлар коалицияси" деб аталган гуруҳ етакчиларини қабул қилиб, Россия билан ўт очиш тўхтатилган тақдирда Украина хавфсизлигининг келажакдаги кафолатларини муҳокама қилишни режалаштирмоқда. АҚШ бу ташаббусга киритилмаган.
Эҳтимолий меҳмонлар орасида Германиянинг келажакдаги канцлери Фридрих Мерс ҳам бор. Европа Иттифоқининг икки вакили Politico nashrига маълум қилишича, Европа етакчиларининг май ойи бошида Киевга ташриф буюриши бўйича музокаралар давом этмоқда.
Шу билан бирга, Россия Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллиги муносабати билан Москвада катта миқёсдаги ҳарбий парадга тайёргарлик кўрмоқда. Кремль Исроил, Хитой, Бразилия, Словакия ва Сербия раҳбарларига таклифномалар юборган. АҚШ ва Европа Иттифоқининг кўпчилик давлатлари рўйхатга киритилмаган.
Ғарбий Болқон мамлакатларидан Европа Иттифоқига аъзо бўлишга номзод давлатларга ушбу парадда иштирок этмаслик тавсия қилинган.