Россияда ўзбекистонлик ярим ҳимоячи Аббосбек Файзуллаевнинг ЦСКАдан Туркиянинг "Истанбул Башакшеҳир" клубига трансфери бўйича баҳслар давом этмоқда. Бу ҳақда UPL.UZ хабар берди. Россияга нисбатан халқаро санкциялар туфайли турклар деярли бир ой трансфер учун пул тўлай олмади.
Куни кеча "Истанбул Башакшеҳир" барибир москваликлар билан ҳисоб-китоб қила олгани маълум бўлди. ЦСКА трансфер учун тўловни амалга оширгандан сўнг, Туркияга Файзуллаевга янги клубида ўйнаш имконини берувчи сертификат юборди.
Аммо бугун "Истанбул Башакшеҳир" 1,5 млн евро кам тўлагани маълум бўлди. Москвага аввал айтилган 7,5 миллион евро ўрнига 6 миллион юборилди. Қолган пуллар ҳозирда Туркиядаги махсус ҳисобда турибди. Бир қатор россиялик журналистлар ЦСКА вакиллари ушбу маблағни янги футболчиларни сотиб олиш учун Туркиядаги ҳисоб рақамларида қолдирмоқчи, деган тахминни илгари суришди. Бошқа журналистлар эса "Истанбул Башакшеҳир" футболчи учун тўлов масаласида ғалати молиявий ўйин олиб бораётганини тахмин қилишди. Битим аллақачон ёпилган бўлса-да, томонлар трансфер учун тўловни ҳал қила олмаяпти.