АҚШга кириш мақсадида ўзбекистонликлар Кариб денгизларини ҳам забт этмоқда
АҚШ Божхона ва чегарани муҳофаза қилиш хизмати (CBP) маълумотига кўра, Пуэрто-Рико ороли яқинида 13 нафар ноқонуний мигрантни олиб ўтаётган кема тўхтатилган. Улар орасида Ўзбекистондан 10 нафар эркак, Қирғизистондан бир аёл ва Россиядан икки эркак борлиги айтилмоқда.
АҚШ Денгиз қўриқлаш бўлими ходимлари кемани Пуэрто-Риконинг ғарбий соҳилига яқинлашган пайтда аниқлаб, кузатув остига олган. АҚШ Денгиз гвардияси ҳамда Пуэрто-Рико полицияси ёрдамида кема тўхтатилиб текширув ўтказилган.
Аниқланишича, кемадаги барча шахслар АҚШга қонуний кириш ёки яшаш учун зарур бўлган ҳужжатларга эга бўлмаган.
Барча 13 нафар шахслар ҳибсга олинган ва улар яхши аҳволда. Қўлга олинганлар ички хавфсизлик тергови махсус агентларига топширилган.