Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюрган Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадовни қабул қилди.
Учрашувда Озарбайжоннинг “PASHA Holding”, “Neqsol Holding”, “AzerGold” компаниялари ҳамда Озарбайжон Халқаро банки раҳбарлари ҳам иштирок этдилар.
Суҳбат аввалида Али Асадов давлатимиз раҳбарига Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Мамлакатимиз етакчиси, ўз навбатида, Озарбайжон халқини куни кеча бўлиб ўтган байрам – Миллий нажот куни муносабати билан табриклади.
Ўзбекистон – Озарбайжон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражалардаги фаол алоқалар мамнуният билан қайд этилди. Жорий йил бошидан буён товар айирбошлаш ҳажми 40 фоизга ошди. Қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати, геология, логистика, туризм ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Икки мамлакат ҳукуматлари бўлажак олий даражадаги саммитнинг иқтисодий кун тартибини пухта тайёрлаши муҳимлиги таъкидланди.
Бунда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ҳудудлар форуми натижадор ўтишини таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Бешинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларус Республикаси Бош вазири Александр Турчинни қабул қилди.
Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Беларус кўп қиррали шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари бўлажак олий даражадаги тадбирларга тайёргарлик нуқтаи назаридан кўриб чиқилди.
Жорий йил май ойида Тошкент вилоятида бўлиб ўтган Ҳукуматлараро комиссия йиғилишининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.
Товар айирбошлаш ҳажми жорий йил бошидан буён 32 фоизга ортиб, барқарор ўсиб бормоқда. Қишлоқ хўжалиги, машинасозлик ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар ва ҳудудлараро алоқаларни фаоллаштириш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳим экани таъкидланди.