Президент Шавкат Мирзиёев Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) саммитида сўзга чиқиб, бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда минтақа давлатларининг бирлашган саъй-ҳаракатлари муҳим эканини алоҳида таъкидлади.
Президент аввало минтақа ва жаҳонда хавфсизликка таҳдид солаётган ҳолатларга эътибор қаратди.
Жанубий Осиё ва Яқин Шарқда юз берган сўнгги воқеалар юзасидан муносабат билдирди.
Бу борада Эрон ва Исроил ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича эришилган келишувни минтақадаги тинчликни таъминлаш сари қўйилган муҳим қадам сифатида қайд этди.
“Бу келишув барча муаммоларни дипломатик ва конструктив музокаралар йўли билан ҳал этиш учун мустаҳкам замин яратишига ишонамиз”, деди давлат раҳбари.
Президент дунё ҳамжамиятини яна бир бор ядро қуролидан холи ҳудудлар географиясини кенгайтиришга чақирди.
Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, очлик ва ғайриинсоний шароитда қийналаётган аҳолига гуманитар ёрдам кўрсатишга ҳеч қандай тўсиқ қўймаслик, БМТ резолюцияларига мувофиқ мустақил Фаластин давлатини тузиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Давлат раҳбари иқтисодий масалаларга ўтар экан, “Иқтисодий ҳамкорликнинг стратегик мақсадлари – 2035” концепциясини қабул қилишни таклиф қилди.
Бу ҳужжат орқали савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, саноат ва қишлоқ хўжалигидан тортиб инновациялар ва рақамли технологиялар соҳасигача ҳамкорликни ривожлантириш кўзда тутилади.
Президент нутқида ҳозирги кунда ИҲТ давлатлари ўзаро савдосининг паст даражада эканини таъкидлар экан, бу йўналишда Тошкентда савдо вазирлари учрашувини ўтказишни таклиф этди.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси бўйича “яшил йўлаклар” тизимини жорий этиш, “Экоинвест” дастурини амалга ошириш ва хусусий сармояларни кенг жалб қилиш ташаббуслари ҳам илгари сурилди.
Президент транспорт ва логистика соҳаси истиқболларига тўхталар экан, Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини муҳим стратегик қадам сифатида қайд этиб ўтди.
“Рақамли транспорт ва божхона идорасини ташкил этиш тўғрисидаги ташаббусни амалда татбиқ этиш вақти келди”, деди давлат раҳбари.
Яна бир муҳим жиҳат. Минтақада янги авиақатновлар йўналишларини очиш, авиакомпаниялар ўртасида инновацион ҳамкорликни йўлга қўйиш ва туризм-авиация соҳаларида интеграциялашган маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш зарурлиги қайд этилди.
Ушбу масалалар юзасидан Миллий авиакомпаниялар форумини Самарқандда ўтказиш, шунингдек, туризм хизматларини ривожлантириш ва сайёҳлар оқимини ошириш мақсадида йўл харитаси ишлаб чиқиш таклифлари ҳам Президент нутқида алоҳида ўрин эгаллади.