Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор туманидаги “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.
Давлатимиз раҳбари ўтган йили 10 ноябр куни тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда тиббий хизматларнинг 30 фоизи хусусий сектор томонидан кўрсатилаётганини, келгусида тиббиётда хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва қўшимча шароитлар яратиш давом эттирилишини айтган эди.
Айни мақсадларга мувофиқ, юртимизда кўп тармоқли тиббиёт марказларининг фаолиятига кенг имкониятлар яратиб берилмоқда.
Олмазор туманида жойлашган “Sinomed” кўп тармоқли тиббиёт маркази бугунги кунда долзарб бўлган барча йўналишларда, жумладан, туғуруқ, педиатрия, хирургия, травматология, ортопедия, эндокринология ва бошқа йўналишларда фаолият юритиб келмоқда. Марказ 30 миллион доллар эвазига барпо этилган бўлиб, ундаги ускуналар Буюк Британия, Италия, Япония ва Германия давлатларидан олиб келинган.
Клиникада диагностика ҳамда стационар бўлимлари мавжуд. Марказ йилига тўрт ярим минг нафар беморни қабул қилиш қувватига эга. Бу ерда 300 дан зиёд иш ўринлари яратилган бўлиб, 80 нафардан ортиқ шифокор фаолият юритмоқда. Улардан 60 нафари хорижда, хусусан, Жанубий Корея, Германия, Туркия, Ҳиндистон, Япония, Америка каби давлатларда малака оширган шифокорлардир. Шу билан бирга, клиникада хорижлик мутахассислар ҳам фаолият юритмоқда.
Мазкур марказ таркибида Тошкент шаҳрида биринчи хусусий туғуруқ мажмуаси ишга туширилган бўлиб, бир вақтнинг ўзида 30 нафар аёлга хизмат кўрсата олади. Келгусида ўринлар сонини янада кўпайтириш юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Болаларни эмлаш, профилактик кўриклар ҳам шу ерда ўтказилади.
Клиникада колл-марказлар, махсус патронаж жамоалари ташкил қилинган. Беморларнинг уйига чиққан ҳолда кўрикдан ўтказиш имкониятлари ҳам мавжуд.
Бундан ташқари, республикадаги энг катта хусусий вакцинация маркази, хусусий сектордаги ягона стерилизация маркази ҳам ташкил этилган.
Давлатимиз раҳбари кўп тармоқли тиббиёт марказида кўрсатилаётган хизматлар, беморлар учун яратилган имкониятлар, жумладан, амбулатор шароитда даволаш хоналари билан танишди.
Шу билан бирга, оналик ва болалик йўналишида аёлнинг ҳомиладор бўлгандан бошлаб туғуруққача, туғуруқ ва ундан кейинги давр учун тайёрланган тизимли жараёнларни кўздан кечирди.
– Туғуруқ хизмати, айниқса, туғуруққача кузатув энг муҳим масалалардан бири. Айниқса, биринчи фарзандни дунёга келтириш она учун стресс бўлмаслиги керак. Шунга қадар аёл мунтазам кузатувда бўлса, вақтида даволаниб борса, унда ўзини авайлаш, соғлом оналик, соғлом болалик борасида тушунча пайдо бўлади, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари кўп тармоқли марказда ташкил этилган болалар майдончасида ўйнаётган жажжи болажонлар билан суҳбатлашди.
– Энг катта ютуғимиз, сизлар каби шифокорлар ўзлари олган билимларни юртимизда қўллаётганидир. Шу ўринда айтиш лозимки, хусусий тиббиётни жорий қилиш билан бирга рақобатни ҳам унутмаслик керак. Рақобат бўлсагина, одамларда танлов бўлади. Хусусий даволаниш марказлари кўпайса, аҳоли даволаниш учун берган пулига яраша сифатли хизматга эришади, – деди давлатимиз раҳбари клиника жамоаси билан суҳбатда.