Польша ва Украина ўртасида ҳарбий-техник ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган янги келишув имзоланди. Томонлар учувчисиз учиш аппаратлари ҳамда уларга қарши курашиш технологиялари бўйича қўшма ишчи гуруҳлар ташкил этишга келишиб олди.
Польша мудофаа вазири ўринбосари Цезарий Томчикнинг маълум қилишича, Варшава Украинага МиГ-29 қирувчи самолётларини топшириш масаласини ҳам якуний келишув босқичига олиб чиққан.
«Биз Польшага тегишли МиГ-29 самолётларини Украинага топшириш масаласини якунлаяпмиз. Бунинг эвазига украинларнинг дронлар ва уларга қарши курашиш воситаларига оид технологияларидан фойдаланиш имкониятига эга бўламиз», — деди Томчик.
Аввалроқ Польша мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш Киевга қирувчи самолётларни бериш режаси бекор қилинганини билдирганди. Бунга Украина томонининг дрон технологияларини тақдим этиш бўйича аввалги келишувлардан чекингани сабаб сифатида кўрсатилган.
Кейинчалик Варшава ушбу масала юзасидан музокараларни қайта бошлашини маълум қилди.
Айни пайтда Польша Қуролли кучлари ихтиёрида 14 та МиГ-29 қирувчи самолёти мавжуд. Режага кўра, дастлабки босқичда улардан иккитаси Украинага топширилиши мумкин.
Ҳозирча самолётларни топширишнинг аниқ муддати эълон қилинмаган.