Польша зарурат туғилган тақдирда Россия ва Беларусь билан чегарадаги барча ўтиш пунктларини ёпишга тайёр. Бу ҳақда Польша бош вазири ўринбосари ва миллий мудофаа вазири Владислав Косиняк-Камиш маълум қилди.
"Зарурат туғилса, шарқий чегарадаги барча ўтиш пунктларини ёпишга тайёрмиз. Бунинг учун бизда керакли жиҳозлар аллақачон мавжуд", — деди у.
Косиняк-Камишнинг таъкидлашича, Польша куч тузилмалари зарур захиралар, омборлар, фортификация иншоотлари ва мустаҳкамланган мудофаа объектларига эга.
Вазирнинг қўшимча қилишича, зарур захираларни шакллантириш ва чегара инфратузилмасини мустаҳкамлаш "Шарқий қалқон" дастури доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа Польша шарқий чегаралари, жумладан Россия ва Беларусь билан чегара ҳудудларида мудофаа имкониятларини кучайтиришга қаратилган.