АҚШ ядровий зарба берган тақдирда, Эрон ҳам худди шундай жавоб бериш билан таҳдид қилди.
«АҚШ қандай қурол ишлатмасин, Эрон ҳам шундай жавоб беради», — деди парламент миллий хавфсизлик комиссияси аъзоси.
Агар АҚШ Эронга қарши ядровий қурол ишлатса, Эрон ҳам худди шундай жавоб қайтаради. Бу ҳақда Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси аъзоси Фада Ҳусайн Малекий маълум қилди.
АҚШ томонидан ядровий зарба бериш эҳтимоли ҳақидаги хабарларга муносабат билдирган Малекий Америка президенти Дональд Трамп томонидан «ўйланмаган ҳаракатлар» содир этилиши эҳтимолини истисно қилмаслигини, аммо бундай сценарийни эҳтимоли паст деб ҳисоблашини айтди.
«Менимча, у бундай қадамни ташлашга журъат қилмайди, чунки бу дунёни хавфли урушга ғарқ қилиши мумкин», — деди депутат Эроннинг Khabar Online нашрига берган интервьюсида.
АҚШ ядровий зарба берган тақдирда, Эрон ҳам жавобан ядровий қурол ишлатадими, деган тўғридан-тўғри саволга Малекий: «АҚШ қандай қурол ишлатмасин, Эрон ҳам худди шундай жавоб беради», — деб жавоб берди.
Шу билан бирга, депутат Теҳронда ядровий қурол борлигини очиқ айтмади.
Малекий Вашингтонни кейинги ҳарбий ҳаракатлардан ҳам огоҳлантириб, Эроннинг жавоб бериш учун «кўплаб вариантлари» борлигини билдирди.
«Эроннинг кўплаб қурол турлари ва ҳарбий имкониятлари ҳали намойиш этилмаган», — деди у. Унинг қўшимча қилишича, Теҳрон мудофаа стратегиясидан «фаол ва ҳужумкор тийиб туриш» стратегиясига ўтган.
Депутат, шунингдек, Трампни Эрон ва АҚШ ўртасидаги меморандум бўйича мажбуриятларни бажармаётганликда айблади. Унинг сўзларига кўра, Вашингтон аввал ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажармагунча, Теҳрон музокараларга қайтмайди. Унга қадар Ҳурмуз бўғози атрофидаги келишмовчиликлар ҳам ҳал этилмай қолади.
Эрон ва АҚШ Покистон воситачилигида июнь ойи ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзолаган эди.
Ҳужжат ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш ва якуний келишув бўйича музокаралар учун шароит яратишга қаратилган эди. Бироқ кейинчалик келишувларни, жумладан, Ҳурмуз бўғози атрофидаги вазиятни амалга ошириш масаласидаги келишмовчиликлар туфайли музокара жараёни тўхтаб қолди.