Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 2020 йил август ойида содир бўлган фожиали ҳодиса юзасидан суд ҳукми эълон қилинди. Ўшанда қурилаётган кўп қаватли уй мажмуасининг 10-қаватидан тушган темир бўлаги 12 ёшли қизга тегиб, у олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этганди.
Мазкур воқеа жамоатчилик орасида кескин эътирозларга сабаб бўлган. Ўрганишлар давомида қурилиш майдонида зарур ҳимоя тўсиқлари ўрнатилмагани, хавфсизлик чораларига етарлича амал қилинмагани ҳамда ишчилар ўртасида тегишли йўриқномалар ўтказилмагани аниқланган.
Ҳолат юзасидан жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судида иш кўриб чиқилди. Судда қурилиш фирмасининг 45 ёшли техника хавфсизлиги бўйича муҳандиси асосий айбдор сифатида эътироф этилди. Маълум қилинишича, компания томонидан марҳуманинг оиласига дафн маросимлари учун қарийб 150 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилган.
Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, унга бир йил муддатга раҳбарлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда бир йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.
Шунингдек, суд қарори билан марҳуманинг қонуний вакили фойдасига яна 150 миллион сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.