Икки давлат ўртасида темир йўл ва пиёда йўлакларигача ёпилди. Чегарага бетон тўсиқлар ва темир симлар тортилди. Барчасига Россия дронлари сабаб.
2025 йил 12 сентябрдан эътиборан Полша Беларус билан барча чегара пунктларини — автомобил, темир йўл ва пиёда йўлларини бир томонлама равишда тўлиқ ёпди. Расмий Варшава бу қарорни хавфсизликни таъминлаш учун қабул қилганини билдирди. Полша ички ишлар вазири Марчин Кервинскийнинг таъкидлашича, чегара фақат тўлиқ хавфсизлик таъминланганидан сўнг очилади.
Чегаранинг ёпилиши Россия ва Беларуснинг «Запад-2025» қўшма ҳарбий машғулотлари бошланиши билан бир вақтга тўғри келди. Шунингдек, аввлроқ Полша ҳаво кенгликларига Россия армияси қўллаётган «Гербера» туридаги ўнлаб дронлар кириб келган. НАТО эса буни қасддан ҳужум сифатида баҳоламади ва уларнинг йўналишдан адашганини қайд этди.
Воқеа кўплаб фуқаролар учун кутилмаган ҳол бўлди. Беларусликлар, хусусан, савдо ва ишлаш мақсадида Полшага бориб-келиб турадиганлар катта қийинчиликка учради. Кўплаб автобуслар ва машиналар чегара ёпилишидан олдин уни кесиб ўтишга улгура олмади.
Чегара ёпилиши арафасида юзлаб транспорт воситалари тўпланиб қолди. Кўплаб фуқаролар узун навбатларда туриб қолди, бир қисми эса чегара постларига етиб борганида тўхтатилиб, орқага қайтишга мажбур бўлди. Полша томони йўлларни бетон блоклар билан тўсди, темир симлар тортилди ва ҳарбийлар кузатувга жалб қилинди.