МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлимининг собиқ бошлиғи, полковник Нодир Тўрақулов 2018 йилнинг 25 октябрида 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 81 миллион 92 минг сўм жаримага тортилган. Ҳозирда Тўрақулов устидан очилган иккинчи жиноят иши бўйича тергов давом этмоқда.
Тўрақулов иши бўйича жабрланувчи сифатида маҳкамада иштирок этган сурхондарёлик йигитнинг айтишича, суд Нодир Тўрақуловни 16 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган. Бу ҳақда хорижий ОАВларга асосланиб, Хабар маълумот берди. Ҳозирча расмий маълумот йўқ. Расмий маълумот олиш учун Бош прокуратура матбуот хизмати билан боғлана олмадик.
Полковник Тўрақулов Нодир Дилмуродовичга нисбатан Олий суд ҳарбий ҳайъатининг 2018 йил 25 октябрда ҳукми чиққан. Суд ҳукмига кўра, Нодир Тўрақулов Жиноят кодексининг мансаб доирасидан чиқиш, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, пора олиш, фирибгарлик, товламачилик сингари 10 дан ортиқ моддалари билан айбдор деб топилиб, 16 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. Бундан ташқари у энг кам иш ҳақининг 400 баробари миқдорида жаримага тортилган.
Олий суд Ҳарбий ҳайъатида 42 яшар Нодир Тўрақулов билан биргаликда МХХ мулозимлари, прокурор, милиция ва тадбиркорлардан иборат, жами 12 нафар киши судланаётган эди.
Айни пайтда Тўрақулов шерикларига нисбатан қандай жазо берилгани маълум эмас.
Абдураҳмон Ташановга кўра, Тўрақуловга нисбатан очилган иккинчи жиноий иш доирасида у яна 10га яқин модда бўйича айбланмоқда.
Нодир Тўрақуловга нисбатан Ўзбекистон Ҳарбий прокуратурасининг тергов гуруҳи томонидан одам ўғирлаш, қотиллик, товламачилик, қийноққа солиш сингари яна ўнга яқин моддалари билан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида маълумотлар бор.
Тўрақулов иши бўйича очилган иккинчи жиноят ишида жабрланувчи сифатида иштирок этаётган шахснинг айтишича, иккинчи иш бўйича тергов ниҳоясига етиб қолган.