Reuters агентлигининг Покистон полициясига таяниб хабар беришича, мамлакат шимоли-ғарбидаги бозорда юз берган кучли портлаш оқибатида 10 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар жароҳат олган.
Қайд этилишича, ҳалок бўлганларнинг 8 нафари тинч аҳоли ва 2 нафари полициячи бўлган. Ҳодисада қўлбола портловчи қурилма ишлатилган. Қутқарув хизмати эса тахминан 30 киши яраланганини, оғир жароҳатланганлар Банну шаҳридаги шифохоналарга етказилганини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 9 май куни Покистоннинг Банну шаҳрида полиция постига уюштирилган ҳужумда 15 нафар полициячи ҳалок бўлган эди.
Покистон ҳукумати бу ҳужумларда Афғонистон ҳудудида жойлашган жангариларни айблаб, Кобулга норозилик билдирган. “Толибон” ҳукумати эса бу даъволарни “асоссиз” деб рад этган.