Покистон ҳукумати АҚШ билан божхона тарифлари бўйича музокараларни муваффақиятли якунлаганини эълон қилди. Бу ҳақда мамлакат молия вазири маслаҳатчиси Хуррам Шехзод ижтимоий тармоқ X (собиқ Twitter) орқали маълум қилди.
Янги келишувга кўра, покистонлик экспортчилар учун АҚШ бозорида 19%лик тариф жорий этилади.
«Бу қарор — Вашингтоннинг мувозанатлаштирилган ва стратегик ёндашувини акс эттиради. Бу Покистон маҳсулотларига Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари билан рақобатда ўз рақобатбардошлигини сақлаб қолиш имконини беради», — деб таъкидлади Шехзод.
Келишув Покистон учун, айниқса, текстиль саноатида катта экспорт салоҳиятини кенгайтириш имконини беради. Бу тармоқ мамлакат иқтисодиётининг асосий соҳаларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, Покистон томони қуйидаги соҳаларда ҳам экспорт ўсишини кутмоқда:
тоғ-кон саноати
энергетика
криптовалюталар
сунъий интеллект
фойдали қазилмаларни қайта ишлаш
Баёнотда, шунингдек, АҚШ билан стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва барқарор иқтисодий ўсиш мақсадларига эришиш муҳимлиги алоҳида қайд этилган.