"Афғонистонда ҳокимият тепасида бўлган “Толибон” ва Покистон ҳукумати вакиллари Қатар ва Туркия воситачилигида Доҳада ўтган музокараларда дарҳол ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришди", дея хабар бермоқда телеканал Қатар ташқи ишлар вазирлигига таяниб.
Вазирлик баёнотига кўра, томонлар “барқарор тинчликни мустаҳкамлаш механизмларини яратиш устида ишлаш”га қарор қилишган. Шунингдек, яқин кунларда Афғонистон ва Покистон вакилларининг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Мамлакатлар ўртасидаги кескинлик Исломобод Кобулдан Афғонистон “Толибони” билан алоқадор “Теҳрик-э-Толибон Покистон” (Покистонлик толиблар) радикал қуролли гуруҳига қарши чора кўришни талаб қилганидан сўнг кучайди. Сўнгги кунларда икки давлат чегарасида тўқнашувлар фаоллашди, Покистон авиацияси Кобулдаги нишонларга зарбалар берди. Тўқнашувлар оқибатида ўнлаб инсонлар қурбон бўлди.