Покистон Исроилнинг Эронга қарши 12 кунлик ҳарбий ҳужуми давомида Эроннинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тўлиқ қўллаб-қувватлади ва халқаро майдонларда унга барча дипломатик ёрдамни кўрсатди. Бу ҳақда Теҳрондаги Покистон элчиси Муҳаммад Мудассир Типу Mehr агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.
Элчининг таъкидлашича, Эрон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар тарихий, маданий, стратегик ва географик жиҳатдан узвий боғланган. У икки давлат раҳбарлари ўртасидаги доимий мулоқот ва ўзаро ташрифлар муносабатларнинг янада чуқурлашишига хизмат қилаётганини қайд этди.
«Покистон бош вазири Шаҳбоз Шариф ва Эрон президенти Масъуд Пезешкиян ўзаро алоқаларни устувор деб билишади. Ташқи ишлар вазирлари ва дипломатик доираларда ҳам мунтазам мулоқотлар олиб борилади», — деди элчи.
Элчи Типу, шунингдек, Эрон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик имкониятлари катта эканини таъкидлади. У икки давлат ўртасида эркин савдо ҳудудини яратиш ва чегара инфратузилмасини такомиллаштириш зарурлигини таъкидлади.
Покистон элчисининг таъкидлашича, Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бутун минтақавий хавфсизликка таҳдид солади. Шу муносабат билан Покистон нафақат урушни қоралади, балки Эроннинг БМТ Низоми асосидаги ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини тўлиқ тан олди.
«Бизнинг бош вазиримиз ва ташқи ишлар вазиримиз Эрон раҳбарияти — хусусан, Арогчий ва Пезешкиян билан яқин мулоқотда бўлишди. Покистон Эронни барча халқаро ташкилотларда — БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Араб лигасида фаол қўллаб-қувватлади», — деди элчи.
Элчи афғонистонлик қочқинлар, ноқонуний миграция, гиёҳванд моддалар савдоси каби муаммоларда ҳам Эрон ва Покистон хавфсизлик хизматлари яқиндан ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади. Унинг фикрича, минтақада барқарорликни таъминлашда икки давлатнинг биргаликдаги ҳаракатлари ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
Мудассир Типу келажакда Эрон ва Покистон муносабатлари янада мустаҳкамланишини таъкидлаб, ҳарбий ва иқтисодий раҳбарлар ўртасидаги яқин мулоқотни алоҳида қайд этди.
«Биз наfaqat икки мамлакат учун, балки бутун минтақанинг хавфсизлиги учун ҳамкорлик қилишимиз керак. Бу ўзаро манфаатларга хизмат қилади», — деди у.