Пентагон бош инспектори америкалик сенаторлар гуруҳининг сўровига қарамай, Украинада Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими ва унинг ҳарбий версияси бўлган Starshield фаолиятидаги узилишлар юзасидан текширув ўтказишдан бош тортди.
Бу ҳақда Associated Press (AP) ахборот агентлиги хабар бермоқда.
Агентлик ихтиёрига келиб тушган Пентагон бош инспекторининг жавобида сенаторлар томонидан берилган саволларга АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари яхшироқ жавоб бериши мумкинлиги қайд этилган.
Associated Press маълумотларига кўра, қонун чиқарувчилар бу муносабатни SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск фаолияти юзасидан текширув ўтказишдан бош тортиш сифатида баҳолаган.
Аввалроқ сенатор Жинн Шаҳин (Нью-Ҳэмпшир штати вакили, Демократик партия) Конгресс юқори палатасининг ҳар икки партиядан бўлган тўққиз нафар аъзоси Пентагон бош инспектори аппаратига хат юборганини маълум қилган эди. Сенаторлар ушбу хатда Starshield тизими фаолиятидаги узилишларни текширишга чақирган.
Уларнинг фикрича, Пентагон бош инспектори АҚШнинг бирор мансабдор шахси мазкур узилишларга рухсат берган-бермаганини ёки улар ҳақида олдиндан билган-билмаганини аниқлаши керак.
14 октябрь куни эрталаб Украина Мудофаа вазирининг собиқ маслаҳатчиси Сергей Стерненко Telegram каналида SpaceX терминаллар тезлигини соатига 60–70 километр билан чеклаганини маълум қилган. Кейинчалик Украина Мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари Михаил Фёдоров Starlink алоқаси соатига 160 километргача бўлган тезликда тикланаётганини билдирган.
Бу чекловлар Украина ҳарбийларининг бир нечта операцияси барбод бўлишига сабаб бўлган.
Starlink фаолиятини назорат қилувчи SpaceX компанияси раҳбари Илон Маск чекловлар учун жавобгарлигини рад этган. Унинг таъкидлашича, тизимдан фойдаланиш ва тезликка оид қарорларни АҚШ ҳукумати қабул қилади.
Кейинчалик The Wall Street Journal (WSJ) газетаси Маск шахсан Украинадаги Starshield тизими фаолиятини чеклашга буйруқ бергани ҳақида хабар тарқатган.