Пекин ва АҚШнинг иттифоқчиси бўлган Филиппин ўртасида Жанубий Хитой денгизидаги баҳсли Сэнди-Кей ороли туфайли кескинлик янада ошди. Якшанба куни Хитой томони беш нафар филиппинлик ҳарбий хизматчининг мазкур оролга "ноқонуний" равишда қадам қўйганини даъво қилди.
Манила ўз сувларида Хитой кемалари ноқонуний тадқиқот ишларини олиб бораётганини аниқлаганини ва уларни ҳайдаб чиқариш учун авиация ҳамда денгиз кучларини ишга солиш билан таҳдид қилди.
Ўтган ҳафтада Хитой соҳил қўриқлаш хизмати вакиллари Сэнди-Кейга ХХР байроғи билан келгани ҳақида хабарлар тарқалган эди, бунга жавобан Филиппин ҳам ўз соҳил қўриқлаш бўлинмаларини ҳудудга юборган.
Пекин Жанубий Хитой денгизининг деярли барча қисмига эгалик қилишга интиляпти, бу эса икки давлат ўртасидаги ҳудудий низоларни йиллар давомида кескинлаштириб келмоқда. Ҳозирча мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги ва Филиппиннинг Пекиндаги элчихонаси вазият бўйича расмий изоҳ бермади.