Келгуси ойда АҚШ президенти Доналд Трампнинг Пекинга ташрифи кутилмоқда. Хитой раҳбари Си Жинпин бу галги музокараларда Тайван масаласини кун тартибининг энг юқори поғонасига қўйди. Бу ўтган йилги учрашувлардан фарқ қилади, чунки ўшанда Пекин бу мавзуни вақтинча четга суриб турган эди.
Тайбэй расмийлари Трампнинг иттифоқчиларга нисбатан прагматик ёндашувидан хавотирда. Улар Трамп Хитой томонидан АҚШ самолётлари ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг йирик ҳажмда сотиб олиниши эвазига Тайванни қўллаб-қувватлаш сиёсатини юмшатиши мумкинлигидан чўчишяпти. Хитой томони эса Вашингтон йирик ҳарбий тўқнашувдан қочиш учун Тайван мустақиллигини қўллаб-қувватламаслигини очиқ баён қилиши кераклигини таъкидламоқда.
Ҳозирда АҚШ "ягона Хитой" сиёсатига амал қилиб, оролнинг мустақиллигини тан олмайди, бироқ унга ўзини ҳимоя қилиш учун ҳарбий ёрдам кўрсатиб келади. Яримўтказгичлар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон гиганти бўлган Тайван атрофидаги вазиятнинг ўзгариши Тинч океани минтақасидаги ҳарбий мувозанатга ва Вашингтоннинг Осиёдаги хавфсизлик кафолатларига бевосита таъсир кўрсатади.