Паркент туманида аҳолини узумчилик орқали қўшимча даромад манбаи билан таъминлаш мақсадида Асакабанк ишончли бошқарувидаги “Олтиариқ – Агро Стар” ихтисослаштирилган компанияси томонидан 5 минг туп янги, данаксиз узум кўчатлари аҳолига бепул тарқатилди.
Ушбу ташаббус Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда. Компания Паркент туманида узумчиликни ривожлантириш, экспортбоп навларни кўпайтириш ва маҳаллий аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бирга, компаниянинг тажрибали деҳқонлари томонидан аҳоли учун узум кўчатларини экиш ва парваришлаш бўйича амалий мастер-класслар ҳам ташкил этилди.
Эътиборлиси, “Олтиариқ – Агро Стар” ихтисослаштирилган компанияси бугунги кунда Асакабанк ишончли бошқарувидаги лойиҳалардан бири ҳисобланади. Банк мазкур ташаббус орқали наfaқат молиявий қўллаб-қувватлашни, балки маҳаллаларда аҳоли даромадини оширадиган барқарор агроэкотизимни шакллантиришни ҳам мақсад қилган. Яқин вақтларда шундай ишлар Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида ҳам амалга оширилади.