Бугун 6 июль, 2025 йил, якшанба

O'ZB

“Пақилдоқ”ларни “пақиллатиш” жоизми?

A A A
“Пақилдоқ”ларни “пақиллатиш” жоизми?

Ҳар йили эски милодий йил тугашидан бир ой аввал бошланиб, янги милодий йил кириб бир ҳафтага қадар инсонларни тинчлигини бузадиган, турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўладиган халқ тилида пақилдоқ деб аталувчи пиротехника воситаларининг шовқини эшитила бошлайди.

Ёшларни бу “ўйин”ларидан турли ёшдаги инсонлар, беморлар, ёш ҳомиладор келинлар ҳам азият чекмоқдалар.

Шифокорлар сўзларига кўра, “пақилдоқ” одамни бехосдан чўчитгани боис юрак-қон томир тизимига ўта салбий таъсир кўрсатар экан.

“Пақиллоқ”ларни “пақиллатиш” жоизми? Динимизда бу каби масалаларга қандай қаралади?

Аллоҳ таола Қуръони каримда инсонларни бошқаларга озор ва азият беришдан қайтариб: “Мўмин ва мўминаларга, улар бирор нарса қилмасалар ҳам, озор берадиганлар, батаҳқиқ, ўз устиларига бўҳтон ва очиқ ойдин гуноҳни олибдилар», деб марҳамат қилади. ("Аҳзоб" сураси, 58-оят).

Абу Лайло Ансорийдан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотга чиққанларида У Зотнинг саҳобаларидан бири ҳазиллашиб, бир кишининг ўқдонини беркитиб қўйди. Эгаси уни излаб, топа олмай, хавфга тушди. Унинг устидан кула бошлашган эди, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чиқиб: «Нимага куляпсизлар?» дедилар. «Ҳазиллашиб, фалончининг ўқдонини беркитиб қўйган эдик, қўрқиб кетди. Шунга куляпмиз», дейишди. У Зот: «Мусулмонни қўрқитиш мусулмонга ҳалол эмас», дедилар.

Яна Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган кишидир», деб марҳамат қиладилар.

Мутахассислар маълумотига кўра пиротехника воситалари ишлатилганда ёниш ҳарорати 3 минг даражагача етиши мумкин бўлиб, кучли ёнғин келиб чиқиши хавфини кучайтиради. 

Бу арзимас кўринган иш сабабли инсоннинг бошига турли хил кулфатлар ёғилиши, ўзининг ҳаёти хатарда қолиши ва ҳатто жони ҳалокатга учраши мумкин экан. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда инсонларни ўз жонларини хатарга солишдан қайтариб, “Ўзингизни ҳалокатга ташламанг” деб марҳамат қилган.

Яна пиротехника воситаларини сотиб олишда исрофга йўл қўйиб гуноҳкор бўлиш ҳам бор. Чунки ҳар бир неъматни нотўғри тассарруф қилиш ўша неъматни зое бўлишидир. Неъматни зое қилиш эса исрофдир. Исрофгарни эса Аллоҳ яхши кўрмайди.

Аллоҳ таоло Ўзини Каломида айтади: «Енглар, ичинглар ва исроф қилманглар. Чунки, У исроф қилувчиларни севмас». ("Аъроф" сураси 31-оят). 

Кўриниб турибдики, баъзан ўйламасдан қилинган ишлар, эътиборсизликлар нафақат инсонни ўзига, балки ўзгаларга ҳам зарар етказиб, кўнгилсизликлар ва гуноҳларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зарар бериш ҳам йўқ, зарарланиш ҳам йўқ» деганлар.

Пиротехника воситалари савдоси билан шуғилланувчилар ҳам инсонларга зарар етказиб, гуноҳ ишларга шерик бўлаётганликларини билиб қўйсалар ҳамда бу йўл билан бола-чақа боқиб уларни роҳатини кўришни истасалар бошқа тирикчилик қилсалар мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки қиёмат куни ҳамма инсон ҳаёти, илми, қилган касб-ҳунаридар сўралади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» ("Наҳл" сураси 97-оят).
 
Зиёуддин Мирсодиқов
“Бўта бува” жоме масжиди имом-хатиби

Киритилди: 14:55 28.12.2019. Ўқилди: 6112 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!