Ўзбекистон U-23 терма жамоаси Аичи-Нагоя-2026 Осиё ўйинларини 4-ўрин билан якунлади.
Равшан Ҳайдаров шогирдлари бронза медали учун Хитойга қарши майдонга тушди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунлангач, соврин тақдири пенальтилар сериясида ҳал қилинди.
Ўзбекистон учрашув давомида икки марта ҳисобда ортда қолди. 15-дақиқада Ху Хэтао Хитойни олдинга олиб чиққан бўлса, биринчи бўлим охирида Сардорбек Баҳромов мувозанатни тиклади.
Танаффусдан кейин Ван Юйдун Хитойнинг иккинчи голини урди. Аммо Ўзбекистон сўнгги дақиқаларгача таслим бўлмади. 90-дақиқада захирадан майдонга тушган Шодиёр Шодибоев ҳисобни 2:2 кўринишига келтирди.
Пенальтилар сериясида эса Хитой аниқроқ ҳаракат қилди — 4:3. Ўзбекистон сафида Муҳаммадали Реимов ва Шодиёр Шодибоев ўз зарбаларини голга айлантира олмади.
Шу тариқа, бронза медали Хитойга насиб этди, Ўзбекистон U-23 эса мусобақани 4-ўринда тугатди.
Осиё ўйинлари. 3-ўрин учун баҳс
Хитой — Ўзбекистон — 2:2 (пенальтилар — 4:3)
Голлар: Ху Хэтао, 15 — 1:0; Сардорбек Баҳромов, 43 — 1:1; Ван Юйдун, 53 — 2:1; Шодиёр Шодибоев, 90 — 2:2.