“Орешник”ни ишлаб чиқариш учун Япония ва Германия ускуналари қўлланилади. Бу ҳақда Financial Times хабар берди.
Газета бу ҳақда Москва иссиқлик муҳандислик институти ва “Созвездие” концерни томонидан жойлаштирилган бўш иш ўринлари ҳақидаги эълонларга таянган ҳолда ёзади. Украина разведкаси уларни ракетани ишлаб чиқишда иштирок этган деб ҳисоблайди.
Эълонларда Япониянинг Fanuc ва Германиянинг Siemens ҳамда Heidenhain ускуналаридан фойдаланиш бўйича талаблар кўрсатилган. Бу уч компания компютер рақамли бошқарув машиналари учун бошқарув тизимларини ишлаб чиқаради.
FT'нинг ёзишича, Киевнинг Ғарбдаги иттифоқчилари Россияга юқори технологик ускуналар етказиб беришни тўхтатишни ўзларининг устувор вазифалари деб билишади. Шунга қарамай, 2024 йил бошидан бери Москва Heidenhain дан камида уч миллион долларлик ускунани олишга муваффақ бўлди.