Бугун 30 июль, 2025 йил, чоршанба

O'ZB

Оқ уй хорижий ёрдам учун ажратилган 250 миллион долларни мигрантларни депортация қилишга сарфлашни режалаштирмоқда — Тhe Washington Post

Оқ уй хорижий ёрдам учун ажратилган 250 миллион долларни мигрантларни депортация қилишга сарфлашни режалаштирмоқда — Тhe Washington Post

Нашрнинг АҚШ Ички Хавфсизлик вазирлиги ҳужжатларига таяниб ёзишича, Трамп маъмурияти можаро ҳудудларидан қочиб келган ва вақтинчалик ҳимоя оладиган қочқинларни Қўшма Штатлардан чиқариб юбориш учун хорижий ёрдам сифатида ажратилган тахминан 250 миллион долларни сарфлаш режасини ишлаб чиққан.

Ҳужжатларга кўра, 200 мингдан ортиқ украиналик ва 500 минг гаитилик мигрант Қўшма Штатлардан чиқариб юборилиши мумкин. Улар АҚШда Байден маъмурияти томонидан берилган “вақтинчалик муҳофаза” дастури асосида яшамоқда. Бундан ташқари, ҳужжатда афғонистонликлар, фаластинликлар, ливияликлар, суданликлар, сурияликлар ва яманликлар ҳам тилга олинган. БМТ Миграция хизмати бу одамларни ҳеч қайсисини ўз мамлакатига қайтаришни қўллаб-қувватламайди, дейилади лойиҳа ҳужжатларида.

“Вақтинчалик муҳофаза”га эга шахсларни ўз юртларига қайтариш учун Қўшма Штатларнинг хорижий ёрдам жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратиш таклиф қилинган. Бу маблағлар одатда АҚШдаги қочқинларга ёрдам бериш ёки ватанида вазият барқарорлашганидан сўнг уларни қайтариш учун сарфланади.

Тhe Washington Post'нинг ёзишича, АҚШ Ички хавфсизлик вазирлиги матбуот котиби Триша Маклафлин бу маълумотни "эскирган" деб атаган. Унинг сўзларига кўра, Ички хавфсизлик вазири Кристи Ноэм Украина ёки Гаити фуқароларини “вақтинчалик муҳофаза”дан маҳрум этиш юзасидан ҳали якуний қарор қабул қилмаган.

Шу билан бирга, Тhe Washington Post'нинг қайд этишича, ўтган ҳафта Ички хавфсизлик вазирлиги ва Давлат департаменти 250 миллион долларлик хорижий ёрдамга оид келишувни имзолаган. Унда чиқариб юбориш жараёни тавсифланган, бироқ бу қайси мамлакат фуқароларига тааллуқли экани аниқ кўрсатилмаган.

Киритилди: 10:54 22.05.2025. Ўқилди: 660 марта. Фикрлар сони: 0 та.
telegram channel

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Энг кўп ўқилган янгиликлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!